Сурхондарёда Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти ташкил этилади
«Сурхондарё вилоятида ингичка толали пахта етиштиришни илмий асосда амалга ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ,
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Сурхондарё илмий-тажриба станцияси негизида Ингичка толали пахтачилик илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.
Институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари қуйидагилардан иборат:
▪️ ғўзанинг ингичка толали янги навларини яратиш ва уларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш;
▪️ ғўзанинг ингичка толали янги навларини етиштиришда тупроқ унумдорлигини ошириш ва ресурс тежайдиган агротехнологиялардан фойдаланиш бўйича илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқиш;
▪️ қишлоқ хўжалиги соҳаси учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш, шунингдек, ғўзанинг ингичка толали янги навларини етиштирувчи субъектларнинг малакасини ошириш;
▪️ етакчи маҳаллий ва хорижий илмий марказлар ва таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, соҳага маҳаллий ва хорижий грантларни ҳамда инвестицияларни жалб этиш.
Сурхондарёда 2022 йилда 12 минг гектар, 2023 йилда 18 минг гектар майдонга ғўзанинг ингичка толали навларини жойлаштириш режалаштирилган.
Шўрчи тумани ҳокимлиги
Матбуот хизмати