Сабзи нархи тушиши кутилмоқда
Ўзбекистонда тез орада сабзининг нархи нормал ҳолатга келиши кутилмоқда. Сабаби, эрта баҳордаги совуқ об-ҳаво туфайли тўлиқ етилиши деярли бир ойга кечиккан “эртаки сабзи” ҳосилининг йиғим-терим ишлари бошланди.
Қайд этилишича, 2021 йилда барча тоифадаги хўжаликлар томонидан умумий ҳисобда 124,4 минг гектар майдонда (ўтган йилдагига нисбатан 18,2 минг га кўпроқ) сабзи экиш режалаштирилган, ҳаммаси бўлиб 2,3 млн тонна сабзи ҳосили олиш мўлжалланган.
Мамлакат аҳолисининг сабзига бўлган бир йиллик эҳтиёжи 800 минг тоннани ташкил этади. Етиштирилган сабзи ҳосилининг қолган ҳажми экспорт ва қайта ишлашга йўналтирилади.
Мамлакатимизда сабзини қайта ишловчи 250-300 минг тонна қувватга эга 55 та корхона фаолият юритади. Улар томонидан сабзи асосан қуритилган, шок ҳолда музлатиш шаклида қайта ишланади. Ўтган йили 110 минг тонна кечки сабзи қайта ишланган.