Kasbim-faxrim

ҒАЛЛАДАН КУТИЛГАН ҲОСИЛ ЕТИШТИРИЛДИ

Ҳозирги мураккаб ва таҳликали бир даврда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабли ҳар бир дақиқани ғанимат саналиб, асосий озиқ-овқатимиздан бири бўлган, ғалла ҳосилдорлиги учун ҳар доим ҳам катта масъулият билан қаттиқ меҳнат қилинган. Бугунги кунда аҳолини ўзимизда етиштирилган дон билан тўла таъминлаш вазифаси қўйилган бўлиб, бу соҳада кўплаб ишлар бажарилмоқда. Сурхон воҳасида ҳам пишиб етилган ғаллани нес – нобуд қилмай йиғиштириб олиш авж паллага кирди. Вилоятимизда 2 минг 278 фермер 89 минг 325 гектар майдонда ғалла парваришлаб, мўл ҳосил тўплади. Мавжуд майдонлардан 750 минг 340 тоннадан ортиқ сара дон ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Бу борада ишлар самарали ташкил этилиб, 3 та туман ғаллакорлари мамлакатимизда биринчи бўлиб белгиланган режани бажарди. Жорий йил ҳосили учун Музработда 10 700, Бандихонда 4 688 ва Термиз туманида 2 900 гектар майдонда маҳаллий иқлим ва тупроқ шароитига мос, эртапишар ва серҳосил навли уруғлар экилган эди. Экинлар замонавий технологиялар асосида парвариш қилиниши самарасида кутилган ҳосил етиштирилди.  Ҳосилни қисқа фурсатларда йиғиштириб олиш ишлари оқилона ташкил этилиши натижасида кеча, 9-июн ҳолатига режа мамлакатимизда биринчи бўлиб ортиғи билан бажарилди.

Ўриб олинган майдонларда ўртача ҳосилдорлик 80-90 центнерни ташкил этгани ҳолда, илғор фермер хўжаликлари томонидан бир гектар ғалла  майдонидан 100 центнергача ҳосил олинишига эришилди.

Кўтарилган хирмонга туманларда фаолият юритаётган кластерлар ва фермер хўжаликлари билан бирдек Ўсимликлар карантин ва ҳимояси  бошқармаси мутахассислари, ва унинг туман бўлими инспекторлари, ҳудудларда фаолият юритаётган биолаборатория мутахассислари ҳам  катта ҳисса қўшди. Ғалла  майдонларида агротехник тадбирлар мониторинги ўз вақтида олиб борилди. Ердан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида маромига етказиб бажариш, мавжуд ресурслар, минерал ва маҳаллий ўғитлар ҳамда суғориш сувидан унумли фойдаланиш ўз самарасини беради.

Ғалла ҳосили салмоғи доимо ҳаракатга боғлиқ бўлиб келган. Дарҳақиқат, баҳор ойларида ғаллани парваришлаш жараёни деҳқонлардан жиддий масъулиятни ва алоҳида эътиборни талаб этади. Маълумки, кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда биологик усулнинг аҳамияти ортмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш (қириб юбормаслик, экинлар орасига энтомофагларни жалб қилувчи ўсимликлар экиш), энтомофагларни (трихограмма, бракон ва олтинкўз) биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган. Республикамизда ҳашаротларга қарши курашда асосий эътибор биологик усулга қаратилаётгани бежизга эмас. Биолабораторияларда юқори сифатли биомаҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб,технологик жараёнларга эътибор кучайтирилган. Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси  бошқармаси ва туман бўлими фитосанитар назорат давлат  инспекторлари томонидан воҳанинг барча ғалла майдонларида биомаҳсулотлар сифати ва ундан самарали натижага эришиш қоидаларига амал қилиш бўйича мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда. Бугун эришилган ютуқлар баробарида тажрибада йўл қўйилган камчиликлар ҳам бўлди. Ҳар бир ер эгаси борки, йилдан – йилга назарий билимларини ҳам ошириб, замон билан ҳамнафас иш юритса, келгуси йил ҳосилдорлиги кутган натижани беради. Ҳали ғалла майдонларида ризқ-рўзимиз мўл.  Ноннинг ушоғи ҳам нон деганларидек, бугун ғалла майдонларида ишлар қизғин давом этмоқда.

Д.Мирзақулов, Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Фитосанитория назорати ва мониторинг бўлими бошлиғи

Related Articles

Back to top button