Bu qiziq

БОБО ЁКИ БУВИДАН НЕВАРАГА АЛИМЕНТ УНДИРИШ МУМКИНМИ?

Маълумки, оила қонунчилигида агар ота-оналар ўзларининг вояга етмаган болаларига қонунда назарда тутилган сабабларга кўра моддий таъминот беришга қодир бўлмасалар, вояга етмаган болаларга, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож шахсларга таъминот бериш мужбурияти суд томонидан уларнинг қариндошлари: бобо, буви, невара, ака-ука, опа-сингил, қолаверса, ўгай ота ва ўгай она, ўгай ўғил ва ўгай қиз, доимий тарбияда бўлган шахслар зиммасига юклатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 123-моддасига биноан, ота-онаси йўқ бўлган ёки улардан таъминот ололмайдиган вояга етмаган невараларига таъминот бериш мажбурияти етарли маблағга эга бўлган бобо ва буви зиммасига юклатилиши мумкин. Вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож невараларнинг ота-онаси, эри ёки хотини (собиқ эри ёки хотини) ва вояга етган меҳнатга лаёқатли болалари бўлмаса ёхуд улардан таъминот учун маблағ ололмаса, уларга нисбатан ҳам бу мажбурият бобо ва бувининг зиммасига юклатилиши мумкин.

Бобо ва буви неваралари билан уларга моддий таъминот тўлаш тўғрисида келишув тузишлари мумкин. Бундай келишувга Оила кодексининг ХVII-бобининг қоидалари татбиқ этилади. Келишув тузилган тақдирда, алимент миқдори, шартлари ва тўлаш тартиби белгиланади. Бобо ва бувининг алимент мажбуриятлари алимент тўловчиларнинг иккинчи навбатдаги аъзоларига кириб, агар улар алимент тўловчиларнинг биринчи навбатдагиларидан, яъни ота-онасидан таъминот ололмайдиган бўлса, уларга юклатилади.

 

Дилором Алмуратова,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

 

Related Articles

Back to top button