«ЭГАРЧИ”НИНГ СИФАТЛИ ЭГАРЛАРИ
Шўрчи туманидаги “Эгарчи” маҳалласида эгарсозлик ҳунари асрлар давомида авлоддан-авлодга мерос бўлиб келмоқда.
Айни пайтда ҳунармандчиликнинг бу тури янада равнақ топиши йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлар аҳоли бандлиги ва фаровонлигига хизмат қилаётир. Абдуғаффор Менгниёзов эгарсоз усталар сулоласининг олтинчи вакили.
– Бу ҳунар билан шуғулланаётганимга 36 йилдан ошди, – дейди Абдуғаффор Менгниёзов. – Эгар ясашга 7 ёшимдан қизиққанман. Умр бўйи шу касб орқасидан барака топаяпман. Бу касб инсондан мустаҳкам ирода талаб этади. Боиси, битта эгарни ясаш 22 бўлак ёғочни бирорта михдан фойдаланмай эгар ҳолига келтириш кўп вақт ва қунт талаб қилади. Битта эгар ясашга 7-10 кун вақт кетади. Ўта мустаҳкам ясалган эгар эса бир неча авлодга хизмат қилади.
Эгарсознинг айтишича, сариқ толдан ясаладиган эгарлар сифатли, мустаҳкам ва жозибали бўларкан.