“Сурхондарё вилояти ва Тошкент шаҳрида махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди
Ўхшаш сурат
Фармонга мувофиқ, “Термиз” эркин иқтисодий зонаси ҳудудини қисқартириш ҳисобига қуйидагилар ташкил этилди:
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси;
“Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонаси дирекцияси” давлат унитар корхонаси.
Термиз халқаро савдо маркази ҳудудида, жумладан:
замонавий технологиялар асосида маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш хизматлари ва электрон савдо порталлари ташкил этилади;
“ягона дарча” ва бошқа хизматлар йўлга қўйилади;
Афғонистондан кирувчи шахсларнинг, истисно тариқасида, Ўзбекистонга кириш визасини расмийлаштирмасдан, шахсий ва паспорт назоратидан ўтган ҳолда 10 кун давомида ҳудудда бўлиш тартиби жорий этилади;
тадбиркорлар томонидан чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга реализация қилинадиган ҳамда Афғонистонга олиб чиқиладиган товарлар ва хизматлар экспортга тенглаштирилади;
чет эл товарлари “эркин божхона зонаси” божхона режимига расмийлаштириш орқали жойлаштирилади ҳамда, истисно тариқасида, ушбу товарлар билан чакана савдо операцияларини амалга оширишга рухсат этилади;
Термиз халқаро савдо маркази ҳудудига Афғонистон томонидан кириш ва ундан чиқиш “Термиз-автойўл” ўтказиш пунктидан махсус техник воситалари билан жиҳозланган алоҳида йўлак (коридор) орқали амалга оширилади.