Madaniyat

Дунёдан узилган, 80 йилдан бери электр келишини кутаётган қишлоқдан репортаж

Жуда оддий. Сиз шу кунларда ҳам телевизор нималигини билмайдиган одамлар борлигига ишонасизми?
 
Мультфильм нима деб сўрасангиз, ширинлик бўлса керак, деб жавоб берадиган беғубор болалар борлигидан хабардормисиз?
 
 Уруш давридан қолган шаҳарларда аллақачон музейлар бисотидан ўрин олган чўғ ва кўмир солиб ишлатиладиган дазмоллар, революция давридаги «солярка шамчироқ»лар бу ердаги оилаларнинг мулки эканидан хабардормисиз? 
 
80 йилдан буён уйларига электр келиб бир бор бўлсада хонадонига ёруғлик киришини, невараларини қувонтиришини истаб, кейин ўлимга ҳам тайёр бўлган момолар, боболар борлигини ҳис қила оласизми? 
 
Дунёдан узилган қишлоқ ҳақида эшитганмисиз?
Агар сиз шундай қишлоқ борлигига ишонмасангиз, шу замонда ҳам цивилизациядан узилган қўналғаларда одамлар яшаётганини билмоқчи бўлсангиз, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманига келинг… Бу тумандаги мутасадди раҳбарлардан шундай қишлоқ борми, дея сўраб ўтирманг, улар ҳам билишмайди. Негаки, бу қишлоққа неча йиллардан буён на ҳоким, на депутат ва на бирор мутасадди борган эмас. Ҳатто шу маҳалла раиси ҳам бормаган бўлса керак шу қишлоққа… 
Одамлар ўзига қонунан тегишли бўлиши керак бўлган нарсанинг берилишини йиллаб кутиши, илтимос қилиб сўраб ялиниши жудаям ачинарли. Фуқаронинг қонунан ҳаққи бўлган нарсани сўрагани учун койиб, унга таҳдид қилиши эса янаям ҳайратланарли.

«Шабнам» маҳалласи, «Вочах тоғ» қишлоғи фуқаролари бир неча йилдан буён Сариосиё тумани, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, «Ҳудудий электр тармоқлари» акционерлик жамияти, Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиб, қишлоғини электр билан таъминлашни сўраб келадилар. Уларнинг сўнгги мурожаатларини эса ҳокимликдаги мутасаддилар ношукрлик, ҳоким ва мутасаддиларнинг юзига қум сепиш, деб баҳолашди. Ахир туғилганидан буён қоронғи хоналарда яшаб келаётган Вочах қишлоғи аҳолиси шунчаки уйларида лампочка ёниб туришини хоҳлашганди.

Одатда одамларнинг орзулари турлича бўлади, Вочах қишлоғи аҳлининг орзулари эса бир-бирига ўхшаш эгизак орзулар. Уларнинг ҳаммаси қишлоқлари электр билан таъминланишини кутиб яшайди. Вочахликлар газ йўқлигидан, йўллари абгор эканидан нолишмайди, газ сўраб масъулларни безовта қилишга ҳам хижолат бўладилар. Шунчаки электр берса, шунинг ўзи биз учун кифоя, дейишади.

6 км. масофадан электр тортиб келиш муаммо. Лампочка ёқишга омбудсман ҳам аралашган.

Вочах аҳолиси 2014 йилдан буён турли идораларга электр тармоғи ўтказилишини сўраб мурожаат қилиб келишади. Хатлар ҳатто Олий Мажлис Омбудсманигача оширилган, бироқ масала ҳал бўлмай, тегишли идоралардан турли баҳоналар «ижод» қилинган жавоб хатлари келаверган.

Мутасаддиларнинг йиллар давомида Вочах қишлоғини бирон маротаба бориб ўрганишга вақт топа олмаганларини тўғри тушунган ҳолда ЎзА мухбирлари қишлоқ дардини ўзларидан тинглаш учун йўлга тушди.

Баъзи ҳокимликлар халққа қанча қуруқ ваъда берсанг ҳам кам, улар яна сўрашдан қолишмайди, деб хаёл қилишса керак. Шунинг учун Сариосиё ҳокимлиги одатий ёлғон ваъдалар ўрнига оддий ёлғонларни ҳам ишлатиб турадилар. Масалан, бизнинг аниқлашимизча, мутасаддилар қишлоқни Сариосиё марказидан 90 километр узоқликда деб баҳона қилишгани нима учундир ҳақиқатга тўғри келмади. Вочах қишлоғи туман марказидан 58 километр узоқликда жойлашган экан. Яна мутасаддиларнинг қишлоқни электр билан таъминлаш учун 65-70 километр наридан сим тортиб келиш керак, деган важлари ҳам ёлғон бўлиб чиқди.
Аниқлашимизча, Вочах тоғ қишлоғидан 6 километр нарида бўлган «Карш» аҳолиси электр тармоғига уланган экан. Буни қарангки, мутасаддиларнинг қишлоқ аҳли ўзбошимчалик билан тоғлар орасига кўчиб борган, у ерларда аввал одамлар яшамаган деган гаплари ҳам уйдирмалиги аён бўлиб қолди. Қишлоқ салкам беш юз йиллик тарих, қадимги масжид, авлиёлар ўтган қадамжолар ва қазилма топилмаларга эга эканлигига гувоҳ бўлдик. Назаримизда, ҳокимлик мутасаддилари Вочах аҳлининг 100 дан ортиқ хатларига курсидан турмаган ҳолда фантазияга берилиб, жавоб «ижод» қилишган кўринади.
Ўрнидан қўзғалиб, электр сими тортишдан кўра, ўтирган жойида баҳона топиш ҳокимлик учун қулай кўрингандир. Аммо, электрсиз яшаб келаётган, туғилганидан буён Томас Эдисон яратиб кетган кашфиётдан баҳраманд бўлмаган болалар нимани йўқотаётгани мутасаддиларни хавотирга солмаган. Вочахни электр билан таъминлаш учун бор-йўғи 6 километр наридан электр симини тортиб келиш керак, холос. Бу вазифа аслида мутасаддилар зиммасида бўлмаса-да, вочахликлар симёғочларни ўзлари ўрнатиб олишларини ҳам билдиришмоқда.

Related Articles

Back to top button