O`zbekiston

Сенаторлар парламент сўровига берилган жавобдан қониқдими?

Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Бугун, 21 октябрь куни бўлиб ўтаётган Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида мазкур парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент сўрови натижалари юзасидан тақдим этилган ахборотда парламент сўровида қўйилган вазифалар ижроси етарлича акс эттирилмаганлиги таъкидланди.

Хусусан, тиббий-меҳнат эксперт комиссиялар томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда етарлича тартибга солинмаган, ногиронлик профилактикаси, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш бўйича яқин, ўрта ёки узоқ муддатли стратегия қабул қилинмаган.

Шу билан бирга, ногиронликни аниқлаш учун тиббий-ижтимоий экспертиза ўтказишда қўлланилаётган мезонлар қирқ йил аввал ишлаб чиқилган услубиётга асосланган бўлиб, янги тартиб ҳалигача ишлаб чиқилмаган.

Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияларнинг ногиронларга хизмат кўрсатиш юкламаси белгиланмаган, 18 ёшгача бўлган болаларда ва ундан катта ёшдаги шахсларда ногиронликка олиб келувчи асосий касалликлар рўйхати ва ушбу касалликларда ногиронлик белгилаш мезонлари, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишнинг замонавий усулларини жорий этган ҳолда тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилмаган.

Яна бир жиҳат. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурида ногиронликни аниқлаш билан боғлиқ қатор вазифалар бажарилмаяпти.

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолияти танқидий қайта кўриб чиқилмаган, ногиронликни белгилаш механизмлари ва унинг муддатлари, шу жумладан, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби такомиллаштирилмаган. Ногиронликни белгилаш тизимига белгилари яққол кўриниб турган мурожаат қилувчини ногиронлик белгилангунга қадар қўллаб-қувватлаш механизми жорий қилинмаган, айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий текширув ўтказмасдан аниқланиши мумкин ногиронлик тоифалари учун стационар даволанишда мажбурий бўлиш тартиби бекор қилинмаган, ёрдамга жуда муҳтож бўлган шахслар учун сиртдан ногиронлик тоифаси белгилаш ҳанузгача жорий этилмаган.

Ушбу вазифаларни бажариш бўйича аниқ асос ва муддатлар белгилаб қўйилганлигига қарамай, ногиронлиги бўлган шахслар ногиронлигини белгилашда, тиббий-ижтимоий хизматлардан фойдаланишда кўплаб оворагарчиликка дуч келишига сабаб бўлмоқда.

Мажлисда парламент сўровида келтирилган масалалар юзасидан етарли даражада амалий чоралар кўрилмаганлиги, тегишли ишлар субъектив сабабларга кўра амалга оширилмаганлиги таъкидланди.

Шунинг учун Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровида белгиланган вазифаларни ижросини тўлиқ таъминлаш ҳамда бу ҳақда келгусида аниқ маълумотлар тақдим этиш вазифаси юкланди ҳамда унинг ижроси Сенатнинг доимий назоратида қолдирилиши белгиланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

Related Articles

Check Also
Close
Back to top button