Madaniyat

Коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги янада оширилмоқда

Коррупция жамият тараққиётига, қонун устуворлигига ва фуқароларнинг давлатга бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатувчи иллатлардан биридир. Шу боис коррупциянинг олдини олиш, унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш ва коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

Шу мақсадда 2026 йил 22 июнда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–1155-сон Қонун қабул қилинди. Мазкур Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 25 майда қабул қилиниб, Сенат томонидан 13 июнда маъқулланган.

Қонун билан коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик ва жазо чораларини кучайтириш, коррупцияга оид жиноятларнинг аниқ рўйхатини белгилаш, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ваколатли тузилмалар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш, давлат харидларини амалга оширишда коррупциявий омилларни камайтириш каби йўналишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Мазкур қонуннинг муҳим жиҳатларидан яна бири — ёшларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга эътибор кучайтирилганидир. Бу борада таълим муассасалари, оила ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади.

Ёш авлодга ҳалоллик, адолат, қонунга ҳурмат ва юксак ҳуқуқий маданият тамойилларини сингдириш коррупциянинг барвақт олдини олишнинг муҳим шартларидан биридир. Ҳар бир инсон коррупциявий ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билиши ҳамда ҳар қандай масалани қонуний йўл билан ҳал этишга интилиши лозим.

Қонуннинг яна бир муҳим мақсади — коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдир. Коррупцияга қарши курашишда жазонинг муқаррарлиги билан бир қаторда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса қилиб айтганда, ЎРҚ–1155-сон Қонун коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ва жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.

Коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органларининг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулиятидир. Қонунга ҳурмат, ҳалоллик ва адолат тамойилларига амал қилиш орқали жамиятда соғлом ҳуқуқий муҳитни шакллантириш мумкин.

 

Жиноят ишлари бўйича

Музработ туман судининг

девонхона мудири                                                                          

Э.Тиловов

Related Articles

Back to top button