Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш
Сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатларида вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар сони ортмоқда. Жаҳонда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, мафкуравий ўзгаришлар, жамиятнинг маънавий-ахлоқий ҳаётидаги янгиликлар ҳам бунга ўз таъсирини ўтказяпти, албатта.
Маълумки, айнан ўсмирлар ҳам ижобий, ҳам салбий таъсирларга тез, осон берилувчан бўлади. Улар, айниқса, ўтиш ёшида ўзини кўрсатгиси, қобилиятини намоён этгиси келади. Агар мактабда, оилада бунга имкон тополмаса, қулай шароитни кўча-кўйдан излашади. Қарабсизки, жиноий гуруҳларга қўшилиб қолиши ҳам ҳеч гап эмас.
Жиноий гуруҳдаги тенгдошлари янги аъзони ўзларича қўллаб-қувватлашади. Тўдабоши эса «Сен зўрсан, кўп ишга қодирсан», деб далда бериб туради. Ҳали ҳаётда оқ-қорани таниб улгурмаган болага содир этган жиноятини қаҳрамонлик дея мақташади. Шу тариқа унинг дунёқараши жамиятдаги одоб-ахлоқ меъёрларига, амалдаги қонун-қоидаларга зид равишда шакллана боради. Гуруҳ таркибидаги ўсмирлар тахминан 30 фоиз жиноятларни катталар иштирокида содир этар экан.
Бугун жиноят кўчасига кирган ўсмир эртага улғаяди. Таҳлилларнинг кўрсатишича, рецидив жиноятчиларнинг учдан икки қисми болалик палласидаёқ жиноятга қўл уриб улгурган бўлади. Демак, бугун вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни камайтирмасак, эртага умумий жиноятчилик кўпайиши тайин. Яна рақамларга мурожаат этсак, Россияда 16–17 ёшлиларга қараганда 14–15 ёшлилар ўртасида жиноят содир этиш ҳоллари кўпаймоқда. Бу ташвишланарли ҳол, албатта.
Ўсмирларнинг жиноий гуруҳлари одатда бирор-бир етакчи атрофида шаклланади. Кўпинча тўдага аъзоларнинг ёши каттароғи етакчилик қилади. Аксар ҳолларда бундай жиноий гуруҳлар бир ҳудудда яшовчи ўсмирлардан таркиб топади. Гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги қонун-қоидаларни писанд қилмайди, шафқатсизликка мойил бўлади, айримлари кашандаликка, ичкиликка, ҳатто гиёҳвандликка ружу қўяди.
Вояга етмаганларнинг жиноят кўчасига киришига сабаб бўладиган омиллар эса ҳаммага маълум. Аммо уларни яна бир бор эслатиб ўтиш фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз. Буларга қуйидагилар киради:
– оиладаги нобоп муҳит;
– моддий етишмовчиликлар;
– болаларнинг қаровсиз, назоратсиз қолиши;
– оммавий ахборот воситаларида, фильмларда зўравонлик, шафқатсизликнинг тарғиб қилиниши;
– таълим муассасаларида самарали профилактик ишлар олиб борилмаслиги;
– вояга етмаганларнинг бўш вақти мазмунли ташкил этилмаганлиги;
– ижтимоий оғир аҳволда қолган вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари етарлича эътибор бермаслиги;
– катталар орасида гиёҳвандлик ва ичкиликбозликнинг авж олиши.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бу борадаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш даркор. Соҳа ходимлари бундай жиноятчиликнинг сабаб ва омилларини аниқлаш учун оилалар, таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликда, комплекс тарзда иш олиб боришлари лозим.
Ўсмирнинг энг муҳим хусусиятларидан бири – мустақил фикрлашидир. Бу эса унинг ақлий фаолиятида янги давр бошланганини билдиради. Улар томонидан содир этиладиган ҳар қандай хатти-ҳаракат актлари: аксилижтимоий хулқ-атвор, мослаша олмаслик кабилар ўтиш даврининг ўзига хос хусусиятлари сифатида намоён бўлади. Улар биринчи жиноий ҳаракатларини амалга оширгунларича дастлаб уйдан сўроқсиз чиқиб кетиш, уйга келмай қолиш, ота-она ва катталарнинг панду насиҳатларига қулоқ солмаслик каби одатларга берилиши мумкин. Айни шу пайтда ўсмирлар тарбиясига ниҳоятда эътиборли бўлиш талаб этилади.
Ўсмир нима сабабдан жиноят кўчасига кириб қолганини англаб етиш учун, энг аввало, уни қуршаб олган ижтимоий муҳит, шарт-шароит ва унинг ўсмир шахсига қандай таъсир этганлигини таҳлил қилиш лозим. Ички психологик сабаблар, салбий шахс сифатлари, яъни ноқонуний хулқ, қатъий ҳаётий мақсадларнинг мавжуд эмаслиги, ташқи салбий муҳит ва оилада тарбиянинг яхши эмаслиги унда жиноятчилик хулқининг шаклланишига қулай имконият яратади.
Вояга етмаган жиноятчи шахси шаклланиш йўлининг биринчи босқичи тарбиясининг оғирлигидадир. Тарбияси оғирликнинг ижтимоий илдизларини боланинг оиласидан ва уни ўраб турган муҳитдан излаш лозим. Бундай ўсмир ўз қилмишларни кўпинча ташқи таъсир остида амалга оширади. Унинг хатти-ҳаракатлари ўзгариши муҳитнинг ўзгаришига боғлиқ. Бундай вазиятда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг умумий субъектлари бўлган таълим муассасалари, маҳалла, кенг жамоатчилик ўсмирга ўз вақтида ижобий таъсир кўрсатиши муҳим аҳамият касб этади.
Вояга етмаган шахслар нафақат дарс жараёнида, балки дарсдан ташқари вақтларда ҳам ота-оналарининг, таълим муассасасининг назорати ва тарбиявий таъсири остида бўлиши керак. Таҳлил этилган ижобий натижалар шундан далолат берадики, қаерда педагогик жамоалар бундай жавобгарликни ўз зиммаларига олиб, ўқувчиларнинг бўш вақтини тўғри ташкил этган бўлса, ота-оналар фарзандлари тақдирига эътиборсиз бўлмаса, ўша ерда қонунбузарликлар жуда кам содир этилади.
Оила ҳамда ўқув-тарбия муассасаси назоратидан четда қолиш ёшларда бебошлик ҳиссини юзага келтиради. Улар нима қилсам ҳам жавобгар бўлмасканман, деган хулосага келади. Вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликларининг олдини олишнинг замонавий шароитида асосий диққат-эътибор улар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олувчи дастлабки профилактика масалаларига қаратилган бўлиши керак.
Ўсмирлар билан амалга ошириладиган профилактик чоралар умумтарбиявий, жиноий ва қонуний чоралар таъсирини бирлаштирувчи омил ҳисобланади. Вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг бош мезони шахснинг ёшлигидан тўғри тарбиялашни таъминлашдан ва ундаги айрим салбий кўринишларни ўз вақтида тўғрилаб, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборатдир.
Ҳозирги пайтда вояга етмаганлар томонидан содир этиладиган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш долзарб муаммолардан биридир. Чунки келажакнинг давомчилари айнан ўсиб келаётган ёш авлоддир. Айнан улар давлатнинг келажагини белгилайди. Ёш авлод вакиллари ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун, аввало, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадга мувофиқдир. Буни амалга ошириш учун ички ишлар органлари жойларда умумий профилактикадан унумли фойдаланиши ва ёшлар тарбиясига бевосита масъул шахслар ҳамда ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни яхши йўлга қўйиши ижобий натижалар беради.
Шарқ педагогикасига кўра, таълимни тарбиядан ажратиб бўлмайди. Ўқитувчи ўқувчига билим баробарида одоб-ахлоқдан, одамийликдан ҳам сабоқ бериши керак. Лекин бу ота-она зиммасидаги масъулиятдан асло соқит қилмайди. Ўз масъулиятини унутган ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз қарамоғидаги вояга етмаганларни таъминлаш, тарбиялаш ва унга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки бу вазифани лозим даражада бажармаслик ҳолатлари афсуски, ҳаётда учраб турибди. Назаримизда, уларнинг бу борадаги жавобгарлигини кучайтириш масаласини ҳам ўйлаб кўриш вақти келган.
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
С.Сувонқулов