Hodisalar

Дўстимиз Саидхонни эслаб…

Азиз  дўстлар, ҳадемай Мустақиллигимизнинг  29 йиллик байрамини нишонлаймиз. Ҳар йили Мустақиллик байрами муносиб кутиб олинади. Фақат бу йил пандемия билан боғлиқ вазиятлар сабабли байрам тантаналар оила даврасида нишонланиши белгиланди.

Ўтган байрамларни бирга кутган дўстларимизнинг баъзилари бугун орамизда йўқ.

Шўрчи тумани “Катта совур” маҳалласидан дўстимиз Нусратов Саидхон муборак Қурбон ҳайити куни вафот этди. Саидхон Шўрчи туманида бир неча йиллардан бери фермерлик қилиб эл ичида катта обрўга эга эди. Айниқса, у киши тўғри сўзлиги, қатъиятлиги, адолатсизликка муросасизлиги, дўстларга беғараз ёрдами туфайли дўсти-биродарлари ҳурматига сазовор бўлган эди.

Бир куни кечқурун Саидхон билан суҳбатлашиб ўтирганимизда узоқ қишлоқда яшовчи танишим қўнғироқ қилиб фарзанди иситмалаб ётганини, ҳеч қандай дори кор қилмаётганини айтди. Менинг уловим йўқ, нима қиларимни билмай қолдим. Шунда ёнимда ўтирган Саидхон:

-Бўлинг, бориб касалхонага етказиб келамиз!-деб қолди. У кишининг машинаси носозлиги туфайли устага кетаётганидан хабарим бор эди. Мен машинаси носозлигини айтганимда, Саидхон:

-Йўлда қолиб кетсак ҳам борамиз!-деб туриб олди. Йўлга тушдик, қишлоққа бориб беморни касалхонага етказиб келдик. Касалхонада олиб қолишди. Касалхонадан чиққанимизда машина кўчада қолиб кетди.

-Энди нима қиламиз, Эшон бобо?-деб сўраганимда у киши кулиб:

-Болани етказиб келдик, энди шифокорлар унга ёрдам беряпти, энг муҳими шу.

Саидхон шундай меҳрибон инсон эди. Бировнинг қийналганини эшитса чидаб туролмасди, дарҳол ёрдамга шошиларди. Аллоҳ бундай фазилатни ҳар кимга ҳам беравермайди.  “Худо берган инсон” деганда шундай кишилар ёдимга тушаверади. Ҳа, Саидхон Худо берган инсонлардан эди.

Яхши инсонларнинг ўрни у  киши орамиздан кетган заҳоти билинади ва бу ҳолатга кўникиш анча қийин бўлади.

Бугунги байрам кунлари жонкуяр дўстимиз Нусратов Саидхонни  дўстлар билан  ёд этдик.

Дўстимиз Нусратов Саидхоннинг хотирасини шўрчиликлар ҳеч қачон унутишмайди!

Шарипов Нормўмин

Related Articles

Back to top button