Сурхондарёда ғалладан бўшаган ер майдонлари ишсиз ёшларга фойдаланиш учун бўлиб берилмоқда
Бугун Термиз шаҳрида ишсиз ёшлардан 60 нафарининг бандлигини таъминлаш мақсадида ғалладан бўшаган ер майдонининг 12 гектари фойдаланиш учун ажратиб берилди. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.
Ҳозирда Сурхондарё вилоятида 584 минг 365 нафар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қиз истиқомат қилади. Жорий йил бошида 49 минг 924 ишсиз ёш аниқланган бўлиб, йил давомида уларнинг қарийб 78 фоизини доимий иш билан банд қилиш бўйича манзилли режа ишлаб чиқилди. Жойларда сектор раҳбарлари ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар натижасида шу кунгача 18 минг нафар ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди.
Бу борадаги амалий ишлар тизимли равишда давом эттирилиб, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси асосида ҳозирда ғалладан бўшаган ер майдонлари ҳам ишсиз ёшларга фойдаланиш учун ажратиб берилмоқда.
Хусусан, Термиз шаҳрининг ғалладан бўшаган ер майдонларининг 50-60 фоизига фермер ўзи ишчилари билан экин экаётган бўлса, қолган қисми ишсиз қолган ва кўмакка муҳтож аҳолига фойдаланиш учун бўлиб берилмоқда.
“Исмоилжон намуна” фермер хўжалиги ҳудудидан 60 нафар ишсиз ёшларнинг ҳар бирига 20 сотихдан ер майдони ажратиб берилиши жараёнида иштирок этиш учун ташриф буюрган вилоят ҳокими дастлаб маҳалла аҳолиси, томорқа ер эгалари билан томорқа маданияти, кўкламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари ҳақида суҳбатлашиб, уларни қийнаётган масалалар бўйича қонуний маслаҳатлар ва таклифлар берди.
“Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида шаҳарнинг ушбу “Намуна” ҳудудида яшовчи йигит-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, ёшларнинг жамиятимизда тутган ўрни ва роли, карантин шароитида ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича вилоятда оли борилаётган ишлар хусусида сўз юритди.
Учрашувда ёшлар томонидан эътиборли ва қизиқарли таклифлар, кутилмаган креатив лойиҳалар, тенгқурларини ташвишга солаётган муаммолар ўртага ташланди. Тадбир давомида ёшларни ўйлантираётган муаммоларга ечим изланди, янги ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилди.
Соҳибкорлар томонидан ёшларга ер майдонларини такрорий экин экишга тайёрлаш, такрорий муддатда экиладиган экин турлари, уларни парваришлаш, мавжуд имкониятлардан оқилона ва омилкорлик билан фойдаланиб, даромад топиш тўғрисида тавсилар берилди.
Шундан сўнг ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификат олган 60 нафар ишсиз йигит-қизга ғалладан бўшаган экин майдонининг 12 гектари 20 сотихдан бўлиб берилди. Вилоят ҳокими мутасаддиларга бу жараённи изчил давом эттириш, шаҳар ҳудудидаги фермер хўжаликларининг ғалладан бўшайдиган жами 395 гектар ер майдонидан ҳам ишсиз ёшлар ва кўмакка муҳтож аҳолига фойдаланиш учун бўлиб бериш тўғрисида кўрсатма берди.