Ургутлик тадбиркор банкдан 4 миллиарддан кўпроқ кредит олиб, автомашина олди-сотдиси билан шуғулланди, аммо…
Департаментнинг Ургут туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида ургутлик якка тартибдаги тадбиркор З.Р. хуфёна иқтисодий фаолият билан шуғулланиб, моддий бойлик орттиришга ҳаракат қилганлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, З.Р. элтиб қўйиш фаолияти билан шуғулланиш ва қўшимча иш ўринларини яратиш ниқоби остида банкдан 4 миллиард 250 миллион сўм кредит олган. Мазкур маблағга ҳар бирини 170 миллион сўмдан ҳисоблаб, 2019 йилнинг 12-19 июль кунлари 25 дона “TRACKER TRKAT (Premier AT)” русумли автотранспорт воситаларини харид қилган. Ўз навбатида автомобилларнинг 22 тасини нақд пулга сотган.
Бу ерда қандай қонунбузарлик бор, деган табиий савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, З.Р. автомашинларни сотишдан тушган 3 миллиард 463 миллион сўм нақд пул маблағларини банк ҳисоб рақамига кирим қилмаган. Аксинча, банкдан ташқари ноқонуний пул айланмасини амалга ошириб, 2019 йил октябрь ойида реализация қилишдан олинган 100 миллион сўмдан ошган маблағдан 27,2 миллион сўм ягона солиқни тўламаган.
З.Р. шунингдек, 2019 йил 4-чорагида товарларни реализация қилишдан олинган тушуми бир миллиард сўмдан ошган бўлишига қарамай 177,4 миллион сўмлик қўшилган қиймат солиқларини қасддан ҳисобламаган, табиийки, тўламаган.
Бундан ташқари, якка тартибдаги тадбиркор томонидан Солиқ кодексининг 237-моддаси талабларига зид равишда, товарларни реализация қилишдан олинган даромад солиқ даврида бир миллиард сўмдан ошган бўлсада, 2020 йилнинг 1-чорагида 155,2 миллион сўмлик қўшилган қиймат солиқлари ҳисобланмаган ва тўланмаган.
Шу боис, якка тартибдаги тадбиркорнинг ҳаракатларида жуда кўп миқдордаги солиқларни тўлашдан бўйин товлашда ифодаланган жиноят таркиби мавжудлиги инобатга олиниб, мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Бош прокуратура ҳузуридаги
иқтисодий жиноятларга қарши
курашиш департаменти вилоят
бошқармаси ахборот хизмати