Монополлар уялмайсизми?!
Яқинда Президент Фармони билан Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилганди. Жамғарманинг асосий мақсади қорронавирусга қарши курашиш бўйича чораларга сарфланиши керак бўлган маблағлар ташкил этади. Бу ҳаммага маълум.
Куни кеча ушбу жамғарманинг даромад ва ҳаражатлари эълон қилинди. Рақамларни кўриб, мана шундай оғир шароитда ҳам бизни “боқиманда”, халқ ҳисобига кун кўриб юрган монополистларимиз “безбетларча” катта-катта маблағларга эга бўлаётганлиги асабларни таранг қилмоқда.
Эътибор қилинг: коронавирусга қарши кураш тадбирлари учун мамлакат бўйича 907 млрд, шифохона ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун жами 684 млрд. сўм ажратилган бир вақтда иқтисодиётни қўллаб қуввватлаш деган банд билан бизни “боқиманда”, “эркатой” монополчиларимиз бўлган “Uzbekistan airways” АЖга ссуда тариқасида 406 млрд, “Uzbekistan airports” АЖга ссуда тариқасида 101 млрд, “Ўзбекнефтгаз” АЖга субсидия ҳисобида 401 млрд, “Биринчи резинотехника заводи” МЧЖга ссуда тариқасида 40 млрд, “Иссиқлик ээлектр станциялари” АЖга субсидия тариқасида 500 млрд, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга ссуда тариқасида 250 млрд сўм миқдоридаги маблағлар ажратилган. Бир нечта монополистга ажратилган маблағ жами коронавирусга қарши кураш учун ажратилаётган маблағдан ҳам кўп. Бу инсофсизлик эмасми?
Истеъмолчи сифатида халқимизга танлов имкониятини бермайдиган ҳурматли монополчиларимизни фаолиятидан одамларимиз шу кунга қадар рози бўлиб келганда ҳам алам қилмасди. Айтинг қайси биридан биз розимиз: дунёда нефт нархи минус даражага тушган вақтда ҳам бензин нархини бир икки ҳафтага номига тушириб, яна қайтариб қўйган “ўйинчи” “Ўзбекнефтгаз”данми, билет нархлари осмон, сифати паст “Uzbekistan airways” номли ҳаво йўллариданми ё жойларда нормал чироқ ёқиб ўтиришдан ҳам маҳрум қилаётган электр тармоқлариданми?
Айтинг ҳурматли монополлар: халқ бошига тушган кулфат вазиятда сиз қайси хизматингиз учун бу пулларга шерик бўлаяпсиз? Шу кунларда ҳам халқ бўйнига ўлигингизни ташлашга уялмайсизми?
Мана монополиянинг оқибати: улар давлат ва халқни танасидаги зулукдек ўлгунча сўришади, халқ кулса ҳам ўлса ҳам улар доимо юк, миллионлаб одамлар бир нечта “эркатой”ни боқишга маҳкум бўлади. Шу сабаб, давлат бу зулуклардан кечиб майдонни мард, ҳалол, масъулиятли рақобатчиларга тезроқ бўшатиб бериши керак.