Madaniyat

Оила ҳуқуқининг манбалари

Ҳар қандай ҳуқуқ соҳасининг, шу жумладан, оила ҳуқуқининг асосий манбаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ҳисобланади. Конституция давлатнинг асосий қонуни сифатида нафақат Конституциявий ҳуқуқнинг, балки барча ҳуқуқ соҳаларининг бош манбасидир.

Конституциямизнинг алоҳида боби “Оила, болалар ва ёшлар” деб номланиб, унда оилавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қаратилган қоидалар, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги каби муҳим принцип нормаланган. Шунингдек, бу бобнинг “Жамият ва шахс” бўлимида берилиши ҳам унинг моҳиятини ифодалайди, чунки оила жамиятнинг бир бўлаги, унинг асосий бўғинидир. Конституциянинг
76-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир”- дейилган. Шубҳасиз, бу модданинг мазмуни, биринчи навбатда, Ўзбекистонда оила — оталик, оналик ва болалик давлат ҳимоясида эканлигини билдиради. Дарҳақиқат, тўлиқ ва кенг маънодаги “оила” сўзи илмий маънода ота, она ва болани ўз ичига олади. Эр-хотин ўртасидаги муносабатнинг асосида никоҳ ётса, ота-она ва бола ўртасидаги муносабатнинг асосида қон-қариндошлик ётади.

Бинобарин, оила ҳуқуқининг асосий тамойиллари аввало Конституциямизда ўз ифодасини топган бўлиб, улар жумласига оиланинг жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши, оилада эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилиги, никоҳнинг ихтиёрий асосда ва тенг бўлиши, ота-оналар ва болаларнинг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятлари киради.

Оила ҳуқуқининг махсус манбаси, кенг қамровли оила қонунчилигининг негизи бу — Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексидир. Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган оила аъзолари ўртасидаги мулкий ва шахсий номулкий муносабатларга нисбатан фуқаролик қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларнинг моҳиятига зид келмаган тақдирдагина қўлланилади. Қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларни тартибга солишга оид тегишли нормалар бўлмаган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари тамойилларига зид бўлмаган маҳаллий урф-одат ва анъаналар қўлланилади. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Шу билан бирга, оила ҳуқуқининг манбалари бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Уй-жой, Меҳнат, Ер, Солиқ, Фуқаролик процессуал кодекслари ҳисобланиб, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонунлар ва бир қатор қонуности ҳужжатлари оила ҳуқуқининг манбаси сифатида оилавий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш вазифасини бажаради.

Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.

Сурхондарё вилоят суди

судья катта ёрдамчиси                                                       

Ж.Маматалиев

Related Articles

Check Also
Close
Back to top button