O`zbekiston

Шавкат Мирзиёев: Йўлларимизда пиёдалар ҳаракати, одамларнинг ҳаловати, саломатлиги устувор бўлиши керак

Президент Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни Тошкент шаҳрида янги йўл ва кўприк лойиҳаси билан танишди.

Охирги уч йилда Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 460 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Шу даврда бу ерга 100 мингдан зиёд аҳоли кўчиб келиб, жами аҳоли 276 минг нафардан ошди.

Бунинг натижасида, табиийки, инфратузилма тармоқларига юклама ҳам ортди. Шу боис бу ерда қўшимча муҳандислик объектлари, туманни шаҳарнинг марказий қисми билан боғловчи йўл ва кўприклар қурилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан қиймати 83 миллион доллар бўлган, 7 километр узунликдаги Сергели ер усти метроси ва унинг “Чоштепа”, “Тошкент халқа йўли”, “Сергели”, “Афросиёб”, “Қипчоқ”, “Чинор” бекатлари барпо этилмоқда.

Албатта, бу йўловчиларга катта қулайлик яратади. Лекин, шу билан бирга, автотранспорт ҳаракатини ҳам инобатга олиш зарур.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу масалага доимий эътибор қаратиб келмоқда. 29 май куни Сергели тумани фаоллари билан ўтган учрашувда ҳам транспорт инфратузилмасини ривожлантириш чоралари муҳокама қилинди.

Ўшанда Сергели туманини пойтахтимиз маркази билан боғловчи йўл ва кўприк лойиҳаси ҳақида маълумот берилган эди. Давлатимиз раҳбари бугун ушбу лойиҳани жойига чиқиб, атрофлича ўрганди.

Умумий қиймати 280 миллиард сўмдан зиёд бўлган мазкур лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Туркиянинг “Каloyn” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган. Унга кўра, Чўпонота кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли кесишмасида 583 метрлик йўл ўтказгич барпо этилади. Бу чорраҳадан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача янги кўча қурилиб, ҳалқа йўли остидан туннель орқали ўтказилади ва Қипчоқ кўчасида қурилаётган янги кўприкка туташади.

Жами 5,6 километрлик бу йўл соатига 3 мингта транспорт воситасини ўтказиш қувватига эга бўлади.

Маълумки, ҳозирги кунда Сергели туманидан шаҳар марказига келиб-кетадиган автомобиллар асосан битта йўл – Янги Сергели кўчаси орқали ҳаракатланади. Шу боис унда қатнов жуда кўп, юклама катта. Айниқса, эрталаб ва кечга яқин бу кўча тирбанд бўлиб қолади. Ушбу янги йўл ва кўприклар қурилиши натижасида Сергели туманига транспорт қатнови тирбандлиги 50 фоизга, транспорт ҳаракати вақти 20-25 минутга камаяди.

— Одамларнинг ҳар кунлик режаларига, кайфиятига, соғлиғига таъсир қиладиган энг катта омил — транспорт тақсимоти. Йўллар қуриб, тирбандликни камайтиришдан мақсад шаҳар аҳолиси ва меҳмонларга қулайлик яратишдир. Бу ишларни бугун қилмасак, йилдан йилга қийинлашиб бораверади. Бугун қилсак, келажакда харажат камаяди, — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ерда Тошкент шаҳрининг транспорт концепцияси тақдимоти ўтказилди.

Бу концепция геоинформацион тизим орқали шаҳардаги транспорт ва йўловчилар оқимини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилган. Ундан мақсад, аввало, хавфсизлик, қулайлик ва иқтисодий унумдорликдир.

Масалан, йўл ҳаракатини тўғри ташкиллаштириш натижасида йилига 19 миллион долларлик ёқилғи тежалиши, 129 миллион долларлик тахминий зарарнинг олди олиниши ҳисоб-китоб қилинган. Ёки автобуслар сони ва йўналишларини оптималлаштириш орқали йилига 2,5 миллион доллар иқтисодий самарага эришиш мумкин.

Концепцияда, шунингдек, автоматик тўлов тизимини ривожлантириш, автомобиль тўхташ жойлари ва пиёдалар ўтиш йўлакларини кўпайтириш каби қатор қулайликлар назарда тутилган.

Президентимиз пиёдалар ва велосипедлар ҳаракатига кўпроқ шароит яратиш зарурлигини қайд этди.

— Бизнинг йўлларда транспорт воситаларига кўп устуворлик берилган. Аслида пиёдалар ҳаракатини, одамларнинг ҳаловати, саломатлигини биринчи ўринга қўйиш керак, — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Транспорт концепциясини Тошкент шаҳрининг битта туманида апробация қилиш, кейинчалик бутун пойтахтимиз ва бошқа шаҳарларда жорий қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Яккасарой туманида кўп қаватли савдо комплекси, меҳмонхона ва турар жой қуриш бўйича инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

Related Articles

Back to top button