Hodisalar

Сардобадан 11598 нафар аҳоли эвакуация қилинди

Жорий йилнинг 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган  “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Оқибатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.

Бунда асосан, сув экин майдонларига зарар етказганлиги маълум бўлди. Қайд этиш жоиз, Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) ва фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига (ФВДТ) кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Сардоба тумани Қўрғонтепа МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Хусусан, Қўрғонтепа, Дўстлик, Юртдош МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган Қуйитош,  Ота юрт,  Бирлик МФЙларидан аҳолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.

Айни вақтда Оқолтин тумани Абдуалим МФЙ аҳолисини Сардобага эвакуация қилиш ишлари бошланган.

Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги республика ҳукумати раҳбарлари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия (МГ) ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бормоқдалар.

Мазкур тадбирларга Сирдарё вилояти ФВБдан 430 нафар шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан нафар 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан нафар 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан нафар 276 шахсий таркиб, 43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди.

Жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган.

Related Articles

Back to top button