Kasbim-faxrim

Сурхондарёда фитосанитария лабораторияси янада такомиллаштирилади

Фитосанитария лабораторияси қишлоқ хўжалиги экинларини зарарли организмлардан ҳимоя қилиш, экспорт ва импорт маҳсулотларининг фитосанитария хавфсизлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг фитосанитария лабораториясида асосан энтомологик, фитопатологик ҳамда гербологик экспертиза хулосалари берилади. Бу ерда мутахассислар ўсимликлар,ўсимлик маҳсулотлари ва бошқа карантин остидаги материалларда учраши мумкин бўлган зарарли организмларни аниқлаш, ташхислаш ва баҳолаш билан шуғулланади.

Куни-кеча Сурхондарё вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов мазкур фитосанитария лабораторияда бўлди. Вилоят раҳбари  ташрифи давомида лабораториянинг моддий-техник базаси, замонавий жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси ҳамда ўсимлик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Лабораториядаги  микроскоплар, стереомикроскоплар, рентген, термостатлар, қуритиш шкафлари, озуқа муҳитлари тайёрлаш ускуналари ҳамда диагностик воситалар кўздан кечирди.

Сурхондарё вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг бошлиғи Усмон Туропов лабораториянинг асосий вазифалари ҳақида тўхталиб,  карантин зараркунандалари, касаллик қўзғатувчилари ва бегона ўтларни аниқлаш, фитосанитария экспертизасини ўтказиш,  намуналарни лаборатория шароитида текшириш,  фитосанитария хавфини баҳолаш ва хулосалар тайёрлаш борасидаги олиб борилаётган ишлар хусусида гапирди.

Шунингдек, соҳада талаб этилаётган лицензиялар  олиш, замонавий хизматларни йўлга қўйиш, зарарли организмларни аниқлаш ва уларнинг тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирлар муҳокама қилинди. Вилоят ҳокими соҳани янада ривожлантириш, лаборатория салоҳиятини ошириш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Ташриф давомида экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш, уларнинг сифатини халқаро стандартлар даражасида таъминлашда фитосанитария хизматларининг ўрни муҳим эканлиги таъкидланди. Бу борада лаборатория фаолиятини рақамлаштириш, таҳлил жараёнларини янада такомиллаштириш ва хизматлар сифатини ошириш юзасидан вазифалар белгилаб берилди.Учрашув якунида фитосанитар хавфсизликни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ва соҳада инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилиши қайд этилди. Шунингдек, мазкур фитосанитария лабораториясини миллий акредитациядан ўтказиш бўйича  тавсия  ва топшириқлар  берилди.

Related Articles

Back to top button