O`zbekiston

Т.Нарбаева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси В.Матвиенкога мактуб йўллади

Ижтимоий тармоқлар орқали Олий Мажлис Сенатига Россия Федерациясида ҳозирги мураккаб шароитда ишсиз, маблағсиз қолган фуқароларимиздан карантин тугагунча ва меҳнат бозори тўлиқ тиклангунига қадар патентни қайта расмийлаштириш, бекор қилиш, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқнинг тўлаш муддатини кечиктириш имкониятини кўриб чиқиш масаласида ёрдам сўраб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан жорий йил 5 апрель куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига нота юборилган.
Шунингдек, 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши Раиси Валентина Матвиенкога мактуб йўллади.

Мактубда қардош Россия халқига эпидемияни тез орада енгиб ўтишига чин дилдан тилак билдириб, глобал коронавирус пандемияси шароитида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шу жумладан, парламентлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилган.
Ўзбекистон Россия Федерацияси ҳукуматининг фуқароларимизнинг Россияда бўлиб туриши учун рухсат этилган муддатни узайтириш ҳамда мамлакат ташқарисига чиқиш заруратисиз меҳнат фаолиятини давом эттириш учун янги патентлар олиш шартларини енгиллаштириш бўйича қарорини қўллаб-қувватлаган.

Шу билан бирга, Россия Федерациясида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг юқорида қайд этилган муаммоларига ҳам эътибор қаратилиб, уларни тезкорлик билан ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатиш сўралган.

Умид қиламизки, ҳозирда инсоният олдида турган оғир дамларда Ўзбекистон парламенти ва ҳукуматининг мамлакатимиз фуқаролари манфаатлари йўлида қилган ушбу мурожаати ватанимизнинг азалий дўсти бўлмиш Россия давлатида ўзининг ижобий жавобини топади.

Равшанбек АЛИМОВ

Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи
иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва
туризм масалалари қўмитаси раиси.

Related Articles

Back to top button