O`zbekiston

Парламентнинг юқори палатаси аъзолари “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқулладилар

Парламентнинг юқори палатаси аъзолари “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқдилар.

Қонун Давлат статистикаси қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 2019 йил 5 февралдаги Фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилганлиги таъкидланди.

Сўзга чиққанлар Қонуннинг мақсади аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлигини қайд этдилар. Аҳолини рўйхатга олиш – бу Ўзбекистон Республикасининг аҳолиси тўғрисида ишончли ва холис ахборот йиғишдир. Аҳолини рўйхатга олишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: даврийлик; умумийлик ва бир пайтдалик; рўйхатга олишнинг якка тартибдалиги (номма-номлиги); шахсга доир маълумотларнинг махфийлиги; аҳолини рўйхатга олишни бошқаришнинг марказлаштирилганлиги.

Қонунда аҳолини рўйхатга олишнинг қуйидаги асосий вазифалари белгиланмоқда: оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш мақсадида аҳоли таркибидаги, демографик вазиятдаги ўзгаришларни баҳолашга доир маълумотлар базасини кенгайтириш; аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар учун шарт-шароитларни яхшилаш, шаҳарларни ва бошқа аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг, меҳнат ресурсларини жойлаштириш ҳамда улардан фойдаланишнинг узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлаш; аҳолини рўйхатга олишлар оралиғидаги даврда аҳоли сони ва таркибининг жорий ҳисобини, ҳисоб-китобларини ҳамда прогнозларини амалга ошириш; ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни амалга ошириш.

Аҳолини рўйхатга олиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади. Бундан ташқари, уларнинг бу соҳадаги ваколатлари очиб берилади.

Шу билан бирга, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг аҳолини рўйхатга олишдаги иштироки назарда тутилмоқда, шунингдек респондентлар ва рўйхатга олувчи ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари очиб берилмоқда.

Сенаторлар таъкидлаганидек, Қонун қабул қилиниши халқаро стандартларга жавоб берадиган, аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни тизимли ва комплекс тартибга соладиган мослашувчан ва очиқ-ошкора ҳуқуқий доираларни яратишни давом эттиришга ҳамда бир қатор долзарб вазифаларни бажаришга кўмаклашади. Жумладан, аҳоли таркибида юз берган глобал ўзгаришларни баҳолаш, демографик сиёсатни, одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ва болалар ҳолатини яхшилаш, шунингдек Барқарор тараққиёт миллий мақсадларини шакллантириш ва мониторинг қилиш каби вазифаларни бажариш таъминланади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Related Articles

Back to top button