Madaniyat

“Телефонингизни топшириб киринг!” Бу талабга бўйсунишимиз керакми ёки йўқ?

Айрим идора ва ташкилотларга борганимизда, “Телефонингизни топшириб киринг”, деган гапларни эшитамиз. Бу буйруқ оҳангидаги талабга бўйсунмай илож қанча?! Акс ҳолда, ичкарига кира олмайсиз.

Айнан бу талаб тўғрими ёки нотўғри, деган баҳс-мунозаралар ҳам тез-тез бўлиб туради.

Адлия вазирлиги ушбу баҳсларга ойдинлик киритди.

Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлимидан маълум қилишларича, маълум ҳолларда тўғридан-тўғри қонун ҳужжати билан баъзи давлат органларининг биносига мобиль телефонларни олиб кириш ёки ундан фойдаланиш чекланган.

Жумладан, суд бинолари, суд процесслари ва улар иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2981, 2018 йил 15 март) асосан суд биносига мобиль телефон, фото ва видео қайд этиш воситаларини суд мажлисида раислик қилувчининг рухсатисиз олиб кириш тақиқланади.

Бироқ, айрим тоифадаги шахслар борки, уларга давлат ташкилотлари биносига кириш учун чеклов белгиланмаган. Масалан, адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун процессуал нормаларга қатъий риоя этган ҳолда суд биносига компьютер, мобиль ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эгадир.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат органи ёки ташкилоти объект ички режимини ўзи мустақил белгилаш ҳуқуқига эга. Масалан, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлдаги 555-сон қарорига асосан объект маъмурияти кириб-чиқиш йўриқномасини ўзи тасдиқлайди. Шунга кўра, айрим давлат ташкилотлари биносига кириш учун мобиль телефон олиб кириш билан боғлиқ чеклов белгиланган бўлиши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотлари жойлашган биноларга шахсий мобиль телефонларни олиб кириш ички ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, иш юритувидаги ошкор этилмайдиган маълумотларнинг бутлигини сақлаш мақсадларида чекланиши мумкин.

Давлат ташкилотларида ишловчи ходимларнинг ахборот махфийлигини сақлаш билан боғлиқ мажбуриятлари мансаб йўриқномалари ва шу каби бошқа лавозим вазифаларини белгиловчи ҳужжатларда кўрсатиб ўтилади. Шу сабабли ташкилотлар ўз ахборот хавфсизлиги сиёсатидан келиб чиқиб нафақат ташқаридан ташриф буюрувчилар, балки ўз ходимларига ҳам ишхоналарда мобиль алоқа воситасидан фойдаланишга рухсат бериш ва аксинча, тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий муассасалар, жумладан мактаблар, шифохоналар, санаторийларда ҳам шахсий мобиль телефонларни олиб кириш чекланиши мумкин. Бундан кўзланган мақсад — таълим сифатини таъминлаш, таълим олувчилар ёки беморларнинг тинчлигини асраш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашдир.

Аҳоли умумий фойдаланишига мўлжалланган биноларда (кутубхоналар, поездлар, театр, кинотеатр ва ҳ.) телефонни олиб киришга эмас, балки ундан фойдаланиш билан боғлиқ чекловлар ҳам бошқа фуқароларга халақит қилмаслик нуқтаи назаридан чекланиши мумкин.

Ҳаётий ушбу мисоллар турли-туман бўлиши мумкин, ҳуқуқий нуқтаи назаридан эса бир хил муносабатларини тартибга солади ва ташкилотларнинг ушбу ваколатларга эга эканлигининг тасдиғидир.

Қонунчиликда ҳамма ҳолатларни олдиндан аниқлаб, барча чекловларни белгилаш қанчалик мақсадга мувофиқ, деган савол ҳам шунга боғлиқ. Чунки уларнинг турлари кўп ва ўзгариб туради. Шунинг учун ҳам, мазкур масалани ҳал қилиш асосан (айрим ҳоллардан ташқари) ҳар бир ташкилотнинг ўзига ҳавола қилинган.

Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотларининг биносига ташриф буюраётган шахслар билан мазкур давлат ташкилотлари ўртасидаги муносабатлари оммавий-ҳуқуқий (маъмурий) муносабатлар ҳисобланади. Бу ерда гап фуқаронинг мулкида эмас, балки унинг давлат ташкилотига ташрифи ва белгиланган ички тартиб-қоидаларга амал қилиши ҳақида бормоқда.

Шунга кўра, давлат органларига жойлашган бинода фуқаролар томонидан бинога мобиль телефонларини вақтинча топшириб кириши амалиёти фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини чекланишини англатмайди. Чунки мобиль телефонни топширишни истамаган фуқаролар, ўз шахсий мулкларини қолдириб келишлари мумкин.

Хизмат хоналаридан ташқарида, яъни жамоат жойларида хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар ходимлари билан ўзаро муносабатни аудио, фото ва видео қурилмага қайд қилиш мумкин (ички ишлар ходими томонидан фото ва видео тасвирга олиш тақиқланган белги мавжуд ҳудудларда хизмат олиб бориш ҳолатлари бундан мустасно).

Унутмаслик керакки, давлат ташкилоти, мансабдор шахслар у ёки бу функцияни амалга ошираётганда фақатгина белгиланган қонун-қоидаларга риоя этиши лозим. Агар шахснинг талаби қонуний бўлса, давлат ташкилотлари уни белгиланган тартибда ҳал қилишга, аксинча бўлса рад этишга мажбур.

Юқоридагиларга кўра, давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан мобиль телефон, фото ва видео қайд этиш воситаларини олиб кирилишини тақиқлаш бўйича белгиланган талаблар амалдаги қонун ҳужжатларига зид эмас

Фақат давлат органлари ва ташкилотлари биноларининг фуқароларга давлат хизматларини кўрсатишга мўлжалланган қисмларида (хизмат кўрсатиш заллари, фуқаролар кутиш ва қабул қилиш хоналарида) давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги тамойиллардан келиб чиқиб телефондан фойдаланишга рухсат бериш тавсия қилинади.

Related Articles

Back to top button