Kasbim-faxrim

Олий суд раиси судьялар фаолияти яна қайта кўриб чиқилишини маълум қилди

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Оқлов ҳукмлари чиқарилаётгани судларнинг мустақиллиги, судьяларнинг қатъияти натижасидир”, деган фикрларни алоҳида қайд этди.

ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов билан шу ҳақда мулоқот қилди.

— Козимжон Фозилович, Давлатимиз раҳбари суд тизимини илк бор эътироф этди, назаримда. Шундай эмасми?

— Ҳақиқатан, Президентимизнинг бугун судьялар ҳақида айтган илиқ фикрлари илк ишонч, десам хато бўлмайди. Мажлисдан иш кабинетимга қайтганимга бир неча соат бўлганига қарамай, ҳаяжоним ҳали босилмади. Ахир Давлатимиз раҳбари билдирган фикрлари – бу бутун халқимизнинг нуқтаи назари.

Бизнинг барча ҳаракатларимиз, интилишларимиз адолат барқарорлигини таъминлаш, халқ ишончини қозонишдир. Шу жиҳатдан бугун маълум маънода мақсадимизга эришаётганимиз аён бўлгани ҳолда зиммамизга яна минг карра катта масъулият ҳам юкланди.

Президентимиз суд тизими ходимлари билан 2017 йил 13 июнда учрашганида бизга бор дардини тўкиб солган эди. Адолатни таъминлаш вазифаси зиммамизга қатъий қилиб қўйилди. Шундан бери ўтган вақт анча қийин кечди. Тўғриси, айнан ўша вақтда адолат жар ёқасига келиб қолганди.

Бу жараёнда энг қийини ходимларнинг, айниқса, судьяларнинг дунёқарашини ўзгартириш бўлди. Доимий талаб, доимий қабул қилинаётган қарорлар таҳлили, таъбир жоиз бўлса, тафтиши, зарур бўлганда бирма-бир мулоқот қилиш натижасида судьяларнинг аксарияти ўзгарди. Адолатли қарорлар чиқариш салмоғи ошди.

Судьялар билан ҳар сафар мулоқот қилганимда, жойларга бориб учрашганимда доим уларга “ҳеч қачон тўғри қарор қабул қилишдан қўрқманг, орқангизда халқ, давлат, Президент турибди”, деган фикрларни айтганман. Зеро, сир эмас, судьяларга турли хил таъсир, тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилган ва қилаётган кучлар йўқ эмас.

Кейинги уч йилда 2 минг нафарга яқин фуқарога оқлов ҳукми чиқарилгани, Давлатимиз раҳбари ҳақли равишда эътироф этганидек, судьялар жасоратидир. Ҳолбуки, ундан олдинги йилларда оқлов тушунчаси муомаладан деярли чиқиб кетганди.

— Давлатимиз раҳбари суд мустақиллиги масаласига яна бир бор урғу берди. Сизнингча судларимиз ҳали тўлиқ мустақил эмасми?

— Судлар мустақиллик сари илк қадамини қўйди, дейишга асосларимиз бор, албатта. Бугун судьяларимиз дастлабки тергов органлари тақдим этган айбловларнинг барчасини маъқуллаётгани йўқ. 2019 йилда 859 нафар фуқаро суд ҳукми билан оқланди, 3 минг нафардан зиёд шахс суд залидан озод қилинди, 2 минг 623 нафар фуқарога асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди ва ўзгартирилди.

Бир неча йил олдин судлар бу шахсларга айблов ҳукми ўқиб келганини инобатга олсак, ўзгаришлар моҳиятини тасаввур қилиш мумкин. Ахир бу минг-минглаб одамлар, уларнинг оилалари адолатдан баҳраманд бўлаётганини англатади.

Энди биз фақат мана шундай адолат йўлидан борамиз. 2020 йилда, ўйлайманки, суд ана шу эзгу ишларини янада чуқурлаштиради ва тўлиқ мустақилликка эришади. Бу йил биз учун катта бир синов, имкон йили. (Ё бу йил ёки ҳеч қачон).

Яна шуни айтиб ўтишим керакки, суд тўлиқ мустақил бўлиши учун ҳар бир судья қалбан мустақил бўлиши керак. У қўрқмаслиги, фақат қонунга бўйсуниши шарт. Қабул қилаётган қарори, ҳукмини одамларнинг кўзига тик қараб асослаб бера олиши керак. Шу нуқтаи назардан судьялар фаолиятини яна қайта кўриб чиқамиз.

Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг бугунги, аммо тарихий фикрларини яна бир бор таъкидласак: “Давлат идоралари мансабдорлари шуни чуқур англаб олсинлар: судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида бўлади. Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.

— Жамиятимизда жамоатчилик фикри асосан ижтимоий тармоқларда шаклланмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳам бу жараёнга бефарқ эмас. Қолаверса, журналистлар билан мулоқотни кенгайтириш ҳақида фикрлар айтилди. Сиз бунга қандай қарайсиз? Нега суд ходимлари, судьялар ижтимоий тармоқларда кўринмайди?

— Албатта, суд тизими фаолиятини оммавий ахборот воситлари билан ҳамкорликсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу бизнинг доимий эътиборимизда. Шу мақсадда янгиланган Олий суд ахборот хизмати фаолиятини йўлга қўйдик. Ҳар куни ишларимдан ортиб uza.uz, gazeta.uz, daryo.uz, kun.uz, xabar.uz сайтларини кузатиб бораман. Судга алоқадор мақолалар эълон қилинса, жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Бу билан чекланмай, журналистларни судларга таклиф қилиб, фикр алмашишга, уларнинг ҳуқуқий билимини оширишга кўмаклашишга ҳам интиляпмиз. Чунки суд билан боғлиқ яхши бир мақола билан минглаб одамларнинг ҳуқуқий онгини ошириш мумкин.

Лекин бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Ҳудудлардаги судларимизда ҳам ахборот хизматларини ташкил қилишимиз керак.

Ижтимоий тармоқларга етарли эътибор бера олмаётганимиз ҳақидаги фикрларингиз жуда ўринли. Кўп эшитамиз, ижтимоий тармоқларда судларга нисбатан турли фикрлар, айбловлар билдирилаётгани ҳақида. Уларга вақтида асосли жавоб бера олмаётганимиз ишимиз кўлами ниҳоятда кўплиги билан боғлиқ, албатта. Бу камчиликни, ўйлайманки, тўғрилаймиз.

Зеро, бугун халқ билан мулоқот қилмасдан, одамларга қулоқ тутмасдан яшаш, фаолият олиб бориш мумкин эмас. Халқнинг фикрини ҳар томонлама ўрганиш ҳам бизга адолатни таъминлашда беминнат кўмакчи бўлади.

ЎзА мухбири

Норгул Абдураимова

суҳбатлашди.

Related Articles

Back to top button