Kasbim-faxrim

ХАЛҚИМИЗГА ХИЗМАТ ҚИЛИШДАН МАМНУНМИЗ

Халқимизда “Тўйга тўёна билан” деган ибратли наақл бор. Янги йил байрами арафасида Бойсун туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси қурилиб фойдаланишга топширилди.
-Вилоят марказидан 150 чақирим олисда жойлашган тоғли Бойсун тумани ўзининг алп келбатли тоғлари, тоза ҳавосию, фусункор табиати билан нафақат воҳа аҳлини балки мамлакатимизнинг турли чеккалари ҳаттоки, хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига жалб этиб туради. Албатта, бундай хушманзара масканда яшаш, табиат гўзалликларидан баҳра олиш катта бахт.

Аммо, “Ҳар тўкисда бир нуқсон” деганларидек, зарур юмуш билан вилоят марказига қатнаш кўп овворагарчиликларга сабаб бўларди. Айниқса, бизга ўхшаган тоғли қишлоқларда яшайдиганлар икки кун оввора бўлардик, шунда ҳам ишимиз тезроқ битса ишимиз тушиб борган идора раҳбарини учратолсак.

-Мана Муҳтарам юртбошимизнинг оқилона сиёсати сабаб Бойсун аҳлини йиллар давомида қийнаб келган ушбу муаммо ҳам барҳам топадиган бўлди. Бугун туман марказига келиб, ана шундай тантананинг гувоҳи бўлдим. Замонавий ва кўркам Давлат хизматлари маркази биносининг қад ростлагани мен ва мен сингари барча туман аҳлини хушнуд этди- дейди, “Қизилнавр” қишлоғидаги 24 сонли мактаб ўқитувчиси Райимназар Хўжақулов.


Дарҳақиқат, бугун жойларда қад ростлаётган бир-биридан кўркам ва шинам Давлат хизматлари марказларининг янги бинолари аҳоли учун том маънода қулайликлар масканига айланиб бормоқда. Ёруғ ва кенг майдонда фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш, айниқса ушбу жараённи электрон навбат орқали барчанинг кўз ўнгида очиқ ва шаффоф тарзда амалга оширилаётгани ташриф буюрувчиларга манзур бўлаяпти. Энг муҳими одамлар ва давлат идоралари ўртасидаги масофа яқинлашмоқда. Бир варақ қоғоз ёки, бир имзо учун вақтини, анчагина маблағни сарфлаб вилоят марказига шошган одамлар энди ана шундай замонавий масканда осон ва тезкорлик билан ишларини битириш имкониятига эга.

Бойсун туманида 117 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли сонинг йилдан йилга ортиб бораётгани шубҳасиз, Давлат хизматларига бўлган талаб ва эҳтиёжнинг кўпайишида ҳам муҳим омил бўлмоқда. Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган 11 ойи мобайнида Бойсун туман Давлат хизматлари маркази томонида қарийб 33 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Марказнинг янги биноси давлат-хусусий шерикчилик асосида Якка тартибдаги тадбиркор Тошпўлатова Зебинисо Хонимовна ташаббуси билан, қурилган бўлиб, энди Бойсун туманида Давлат хизматлари марказига ташриф буюрувчиларга кенг ва ёруғ, шинам хоналарда хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга.

Янги марказ биносининг қурилишида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу, ахборот тизимларини идоралараро интеграция қилинишини кучайтириб, аҳолининг давлат хизматларини қулай ва ўз вақтида олиш имкониятини яратади. Ташриф буюрувчиларнинг навбатини тартибга солиш ва уларга хизмат кўрсатишни баҳолаб бориш мақсадида электрон навбат ҳамда баҳолаш тизими ўрнатилди. Бундай имкониятлар аҳолига кенг қулайликлар яратиб, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлайди.

-Ўзбекистон республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги “2019-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туризимни ривожлантириш салоҳияти юқори бўлган Бойсун туманида тадбиркорлик субъектларини сони ортишига замин яратмоқда. Тан олиш керак, аввалари тадбиркорликни бошламоқчи бўлган киши югур-югурлардан хавотирда бўларди. Давлат хизматлари марказининг янги бинода иш бошлаши, тадбиркорлар сонинг ортиши ва улар ишини ривожлантиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ дейди,-тадбиркор Акмал Жабборов.

Марказ биносининг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, инсон манфаатларини кўзлаб фаолияти кун сайин такомиллашиб бораётган Давлат хизматлари маркази бинолари мамлакатимиз бўйлаб бугунги кечаётган ислоҳотларга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Шунингдек, юртдошларимизни қулай ва шаффоф давлат хизматларидан фойдаланишига, имконият яратади.

Мақсуд Тўраев

Давлат хизматлари агентлиги Сурхондарё вилоят бошқармаси ахборот хизмати

Related Articles

Back to top button