Гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш-жиноятдир

Гиёҳванд моддалар ва гиёҳвандлик инсониятни таназзулга юз тутишига сабаб бўладиган, жамиятни емирадиган хатарли иллатлардан бири ҳисобланади.
Қонунчилигимизда гиёҳвандлик воситаларини бошқа шахсларга сотиб ўтказиш энг ижтимоий хавфи кўринишдаги жиноят ҳисобланиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисмига кўра, ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Лекин, шуни назарда тутиш лозимки, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар учун ҳам жиноий жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддасида гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилган.
Яъни, ушбу модданинг 1-қисмига кўра, гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай, қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, эгаллаш, ташиш ёки жўнатиш —
базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мазкур модданинг 2-қисмига кўра, ўша қилмишлар:
а) кўп миқдорда;
б) илгари гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан содир этилган бўлса, —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг 3-қисмида, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод қилиниши назарда тутилган.
Бундай қилмишлар учун қонунчиликда жавобгарлик борлигини ва жавобгарликнинг муқаррарлигини эслатиш ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




