Наманган вилояти ҳокимлиги баёноти: Мингбулоқ тумани ҳокими қаттиқ огоҳлантирилди
Наманган вилояти ҳокимлиги баёноти: Мингбулоқ тумани ҳокими қаттиқ огоҳлантирилди, прокуратура қонуний чора кўради
Ижтимоий тармоқларда Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган, ҳақоратли сўзлар ишлатилган ҳолда олиб борилган мулоқотнинг аудиоёзуви юзасидан Наманган вилояти ҳокимлиги томонидан Мингбулоқ туманида ўрганиш ўтказилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ҳокимининг ўринбосари Тоҳиржон Рапиқов, вилоят прокурорининг ўринбосари Шуҳрат Қосимов иштирокида Жомашуйда Мингбулоқ тумани ММТП раислари, фермерлар, туман фаоллари ҳамда оқсоқоллар билан муҳокама йиғилиши ташкил этилди.
Учрашув чоғида Мингбулоқ тумани ҳокимига мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувнинг ҳақиқатдан туман ҳокими Нуршод Худойбердиевга мансублиги аниқланди. Аудиоёзувда қайд этилган мулоқотнинг 2019 йил 10 декабрь куни тумандаги “Гигант” машина саройида “Гигант”, “Гулбоғ-1”, “Гулистон” ММТП ҳудудларига кирувчи фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашув чоғида юз бергани, туман ҳокимининг этикага мос келмайдиган сўзлари техникаларини келгуси йил тайёргарлиги доирасида таъмирлаш учун дислокация бўйича белгиланган саройга олиб келмаган фермерларга қаратилгани маълум бўлди. Туман ҳокимининг бу борадаги топшириғи 2019 йил 5 ноябрда эълон қилингани ҳамда техникаларни тўлиқ таъмирдан чиқаришнинг сўнгги санаси 2019 йил 10 декабрь этиб белгиланганига қарамай, баъзи фермер хўжалиги раҳбарларининг бу топшириққа эътиборсиз бўлгани юзасидан муҳокама ўтказган туман ҳокими, мулоқот чоғида ҳақоратли иборалардан фойдалангани ўша йиғилиш иштирокчилари томонидан тасдиқланди.
Йиғилишда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, туман ҳокимининг бундай тарзда ишлашини кескин танқид қилган ҳолда, “Зўравонлик сиёсати, сўкинғочлик сиёсати эски даврда қолди. Ҳеч ким бировни ҳақоратлашга, шахсиятига тегишга ҳаққи йўқ. Раҳбар одам ҳар ишни қонун доирасида бажариши керак. Агар ҳокимнинг қонуний талабни бажармайдиганлар бўлса, уларга айнан қонун доирасида чора кўрилиши лозим, сўкиниш билан иш тутиб эмас. Бугунги кун ҳокими ўз иши билан, сўзи билан, хулқ-атвори билан барчага ўрнак бўлиши шарт. Давлатимиз сиёсати ҳокимлардан одамларни рози қилиб, уларга меҳр бериб ишлашни талаб этади.” деб таъкидлади.
Муҳокама чоғида иштирок этган туман оқсоқоллари, ММТП раислари, туман прокурори ва ИИБ бошлиғи туман ҳокими фаолиятида бундай ҳолатнинг аввалдан кузатилмаганини, бироқ умумий олганда сабаби қандай бўлишидан қатъий назар ахлоққа зид бўлган мулоқот усулини кескин қоралашларини қайд этишди.
Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев, ўзининг вазиятдан ўта пушаймонлигини айтиб, “Туман ҳокими сифатида бундай хатога йўл қўйганим – бу менинг айбим. Ҳаётда мен учун катта дарс бўлди. Ҳақиқатда пушаймонман. Барчадан минг бор узр сўрайман. Бундай ҳолат умуман такрорланмайди деб ваъда бераман. Бундан буён фаолиятимда қонун устуворлигини тўла таъминлайман” деб ўз айбини тўлиқ тан олиб, йиғилганлардан ҳамда туман халқидан кечирим сўради.
Нуршод Худойбердиев вилоят ҳокимлиги томонидан қаттиқ огоҳлантирилди.
Вилоят прокуратураси ушбу аудиоёзув юзасидан ўрганиш ўтказиб, маъмурий жавобгарлик жиҳатини аниқлаши ҳамда қонуний чора кўриши белгиланди. Вилоят прокуратурасининг қарори юзасидан қўшимча баёнот эълон қилинади.