Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар экспортига берилган имтиёзлар янада кенгаймоқда
Аҳолини фаровон ҳаёт кечириши ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғилланиб ўз даромадларини кўпайтиришлари учун кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор қарорлар қабул қилинмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштирувчи, ишлаб чиқарувчи ва уларни экспорт қилувчи тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Сурхондарё вилоятининг Шўрчи тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда айнан ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини юқори нархларда салоҳиятли хорижий бозорларда сотилишини таъминлаш борасида сўз борди.
Унда Сурхондарё вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Акрам Абсаматов ва соҳанинг бир қатор мутахассислари иштирок этиб, қилиниши лозим бўлган ишлар, кутилаётган самаралар ва ислоҳотларнинг бориши ҳақида тўхталди.
Қарор 3 – бандининг 15- иловаси, шунингдек, экспортбоб мева – сабзавот етиштиришда ва хориж бозорларига экспорт килишда GLOBAL GAP , ISO сертификатлари ва GSP+ тизими ҳақида ҳам тушинтирилди. Таъкидландики, дастур Европа Иттифоқи бозорларига ривожланаётган мамлакатлардан келаётган қишлоқ хўжалиги моллари ва бошқа айрим маҳсулотлар экспортига берилган имтиёзлардир. Дастурга тўлиқ аъзо бўлган давлат Европа Иттифоқи бозорларига 3000га яқин маҳсулотларни божхона тўловларисиз, 3200 турдаги маҳсулотларни эса пасайтирилган ставкалар бўйича экспорт қилиш имкониятига эга бўлади.
Шунингдек, қарорда белгиланган экспортбоп экинлар экиш, уларни етиштириш, қадоқлаш ва экспортни ташкил этиш тамойиллари,савдога кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар, шу жумладан қайта ишлаш маҳсулотларини олиб чиқувчилар (уларнинг ваколатли вакиллари)га автомобиль, темир йўл, денгиз ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини қуйидаги миқдорда компенсация қилиш : Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Афғонистон Ислом Республикасига 30 фоизигача; қолган давлатларга (чегарадош давлатлардан ташқари) 50 фоизигача эканлиги, бу эса тадбиркорлар учун яна бир имтиёз эканлиги айтилди. Бунда, калибровка қилинмаган ҳамда махсус идишларда қадоқланмаган маҳсулотлар компенсация миқдорига 0,5 коэффициентни қўллаган ҳолда ҳисоблаш белгиланган. Энди ҳар бир вилоятда камида 2 та топ бренд компаниялар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш-қадоқлаш орқали қайта ишлаш ва уларни экспорт қилишни қамраб олувчи инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишларни ташкил қилинади.
Бу борада республикада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро фитосанитар ва GSР+ тизими талаблари асосида етиштиришни жадаллаштириш мақсадида уларни етиштириш, тайёрлаш, ташиш, сақлаш, қайта ишлаш қоидаларига риоя қилиш ҳамда ўсимликлар карантини бўйича тадбирлар ўтказилиши устидан назорат тадбирлари, карантин инспекторлари томонидан текширувларини «Ягона давлат назорати» ахборот тизимида рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш белгиланган.
GSP+ тизимига қўшилиш Ўзбекистонга катта имтиёзлар беради, – деди А. Абсаматов. – Нега деганда, ушбу тизим доирасида божхона тўсиқлари, тарифлари ва бошқа тўловларни камайтириш назарда тутилади. Европа бозори жуда катта. Бу ерда 500 млндан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Шу боис Ўзбекистоннинг GSP+га қўшилиши ўзбек компанияларининг бу бозорга кириб келишига ва ўз маҳсулотини сотишига имкон беради. Истеъмолчиларни сотиб олган маҳсулотларнинг келиб чиқиши ва ривожланиш жараёни ҳақида кўпроқ ташвишланмоқда. GLOBAL GAP сертификати истеъмолчиларга озиқ-овқат маҳсулоти уларнинг талабларига жавоб беришини ва халқаро бозорларда хавфсизлиги ва тан олинишини кафолатлайди.
Шунингдек, очиқ мулоқот давомида ушбу қарор билан мустаҳкамлаб қўйилган имкониятлар ҳақида ҳам тингланди. Унга кўра, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш комплекс дастури доирасида 2024 йилда юқори даромадли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, саралаш, қуритиш, қайта ишлаш ҳамда уларни экспорт қилиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун тижорат банклари томонидан жами 1,5 триллион сўмгача бўлган миқдорда кредит ресурслари йўналтирилади.
Маҳаллий маҳсулотлар стендларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ихтисослашган нуфузли халқаро кўргазма ва ярмаркаларда жозибадор локацияларда жойлаштириш учун ариза киритиш ва Савдога кўмаклашиш жамғармасига амалда ажратилган маблағлар ҳисобидан олдиндан 100 фоиз тўлаб бериш тартиби жорий қилинади. 2024 йил 1 апрелдан мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича бир экспорт шартномаси доирасида келиб тушмаган валюта суммаси экспортга юкланган жами маҳсулот нархининг 10 фоизидан ошмаган тақдирда муддати ўтган дебитор қарздорлик ҳисобланмайди ва тадбиркорлик субъектига нисбатан жарима қўлланмайди. 2026 йил 1 январгача маҳаллаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғиб, фақат маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга сотиш билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади.
Очиқ мулоқотда ер эгалари ва тадбиркорлар томонидан ушбу қарорнинг ижроси,экспортбоп экинлар экиш, уларни етиштириш, қадоқлаш ва экспортни ташкил этиш тамойиллари юзасидан бир нечта саволлар ўртага ташланди. Саволларга маърузачилар томонидан кенг ва атрофлича жавоб берди.
Акрам Абсаматов
Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари