Қонунчиликдаги янгиликлар
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида қонунчилик ҳам такомиллаштирилиб борилмоқда.
Қонунларга киритиб борилаётган ўзгаришлардан хабардор бўлиб бориш ҳар бир фуқарога ўз ҳуқуқларини қонуний асосларда амалга оширишида кўмак беради.
Хусусан, 2024 йил 4 сентябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-953-сонли Қонун қабул қилинди.Ушбу қонун билан, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2012-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 146-моддасининг диспозицияси «Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партияларнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳларнинг ёки сайлов комиссияларининг ёхуд референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов (овоз бериш) бюллетенларига ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни била туриб нотўғри санаш» деган таҳрирда қабул қилинди.
Бундан ташқари, ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси “Сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузиш” учун жавобгарликни белгиловчи «5110-модда билан, “Сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги молиявий ҳисоботларни тақдим этиш тартибини бузиш” учун жавобгарликни белгиловчи 5111-модда билан тўлдирилди.
5110-моддага кўра, сайлов комиссияси ёки референдум ўтказувчи комиссия аъзоси томонидан фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш-базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
5111-моддага кўра, сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этиш — мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
М.Маликов
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси