Bu qiziq

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ УЧУН ТАРТИБГА СОЛИШ ЮКИНИ КАМАЙТИРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АҲАМИЯТИ

2026 йил 20 октябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг ЎРҚ-1183-сон Қонуни тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча маъмурий аралашувларни камайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат органлари масъулиятини оширишга қаратилган. Мазкур Қонун 2026 йил 21 октябрдан кучга кирган.

Тадбиркорлик фаолиятининг барқарорлиги кўп жиҳатдан ҳуқуқий кафолатлар ва давлат органлари билан муносабатларда қонунийлик таъминланишига боғлиқ. Айниқса, корхоналарнинг банк ҳисобварақларидаги операциялар тўхтатилиши уларнинг молиявий фаолиятига, шартномавий мажбуриятларини бажаришига ва ҳамкорлар билан ҳисоб-китобларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексининг 219-моддасига киритилган ўзгартишлар банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш масаласини кўриб чиқишда аниқ далиллар ва тегишли ҳужжатлар тақдим этилишини назарда тутади. Бу эса тадбиркорларга нисбатан асоссиз чекловлар қўлланилишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 111-моддасига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, солиқ органининг банк ҳисобварағидаги операцияларни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарори юзасидан тадбиркор эътироз билдирган тақдирда, солиқ органи эътироз тақдим этилган кундан кейин уч кундан кечиктирмай судга мурожаат қилиши мумкин. Бу тартиб давлат органлари қарорлари устидан суд назоратини таъминлашга хизмат қилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳисобварақдаги операцияларни тўхтатиб туришга асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганда, солиқ органи тегишли қарорни бекор қилиши шарт. Бу тадбиркорлик субъектларининг молиявий фаолиятини ортиқча кечиктиришларсиз тиклаш имконини беради.

Мазкур ўзгартишлар иқтисодий судлар фаолияти учун ҳам муҳимдир. Чунки бундай низоларни кўриб чиқишда судлар солиқ органи қарорининг қонунийлиги, тақдим этилган далилларнинг асослилиги ва процессуал талабларга риоя этилганлигини ҳар томонлама баҳолаши лозим. Бунда давлат манфаатлари билан тадбиркорнинг мулкий ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади.

Хулоса қилиб айтганда, ЎРҚ-1183-сон Қонун тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, маъмурий тўсиқларни камайтириш ва давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳуқуқий механизмларни белгилаб берди. Ушбу нормаларнинг самарали қўлланилиши тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодий муносабатларда барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Термиз туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Т.Усмонов

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button