Жиноят қонунчилигида бир қанча жиноят содир этганлик учун жавобгарлик

Жиноят ҳуқуқида бир қанча жиноятлар деб — бир шахснинг икки ва ундан ортиқ жиноятни содир этиши ва ҳар-бир қилмиши алоҳида жиноят таркибини ташкил қиладиган қилмишлар мажмуига айтилади. Бир қанча жиноят содир этиш, жиноят содир этган шахснинг ижтимоий хавфлилигини ошириб, шахсни жавобгарликка тортиш, жазо тайинлаш, жавобгарлик ва жазодан озод қилиш масалаларига таъсир қилади.
Жиноят қонунига кўра, бир қанча жиноят содир этишнинг қуйидаги турлари мавжуд.
Улар:
— такроран жиноят содир этиш;
— жиноятлар мажмуи;
— рецидив жиноят содир этиш.
Такроран жиноят содир этиш деб — шахс қасддан содир қилинадиган айнан бир-хил кўринишдаги жиноятни икки ёки ундан ортиқ марта содир этиши ва ушбу жиноятларнинг бирортаси учун ҳам судланмаган бўлишига такроран жиноят содир этиш деб айтилади.
Масалан: ЖК 169-моддаси “Ўғрилик”, сабаби модданинг барча қисмларида ўзганинг мулкини яширин равишда талон-торож қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Шунинг учун айбдор турли вақтларда модданинг турли қисмларида назарда тутилган ўғрилик жиноятини бир неча маротаба содир этган ҳолларда ҳам унинг ҳаракатлари такроран ўғрилик қилиш деб баҳоланади.
Ёки, масалан: ЖК 228-моддаси “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш” биринчи қисми. Яъни айбдор турли вақтларда ушбу модданинг биринчиси қисмида назарда тутилган турли ҳаракатларни бажариб, бир неча жиноятлари содир этса, унинг ҳаркатлари такроран жиноят содир этиш деб баҳоланади.
Агарда, шахс икки маротаба қасддан айнан бир-хил жиноятларни содир қилиб, қонунда белгиланган тартибда, улардан бирортаси учун жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этилган бўлса, унинг ҳаракатлари такроран жиноят содир этиш деб топилмайди. Агарда, шахс содир этган жиноятлардан бири тугалланган бошқаси тугалланмаган (жиноятга тайёргарлик кўриш ёки суиқасд қилиш) жинояти бўлса ҳам, шахснинг ҳаракатлари такроран жиноят содир этиш деб топилади. Агарда шахс содир этган жиноятларидан биттасини ёки ҳаммасини иштирокчиликда содир этган бўлса ҳам унинг ҳаракатлари такроран жиноят содир этиш деб топилади. Такроран жиноят содир қилиш жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланиб, ЖК Махсус қисми тегишли моддасининг оғирлаштирувчи қисми билан квалификация қилинади ва ушбу модданинг ўша қисмида назарда тутилган жазо турлари ва миқдорида жазо тайинланади.
Жиноятлар мажмуи деб — шахс жиноят қонуни турли моддаларида ёки бир моддасининг турли қисмларида назарда тутилган, икки ёки бир неча қилмишни қасддан ёки эҳтиётсизлик орқасидан содир этиши ва уларнинг ҳеч қайсиси учун судланмаган бўлишига айтилади.
Масалан: Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш йўли билан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш жиноятини содир этиши ЖК 167-моддаси, ЖК 228- моддаси билан жиноятлари жами сифатида квалификация қилинади.
Рецидив жиноят деб — муқаддам қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати мавжуд бўлган шахс томонидан қасддан янги жиноят содир этилишига айтилади.
Жиноят қонуни рецидив жиноятни жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва муайян жиноятлар учун судланиш сонидан келиб чиқиб:
— оддий;
— хавфли;
— ўта хавфли рецидив жиноятларга бўлади.
Оддий рецидив жиноят деб — шахс қасддан содир этилган ҳар қандай жинояти учун судлангандан сўнг (судланганлик муддати тугамасдан туриб), у томонидан қасддан янги жиноят содир этилишига айтилади.
Хавфли ва ўта хавфли рецидив Жиноят кодекси Махсус қисми моддаларида квалификация белгиси сифатида кўрсатилган бўлса, оддий рецидив фақат жазони оғирлаштирадиган ҳолат сифатида тан олинади (ЖК 56- моддаси биринчи қисми «н» банди).
Хафвли рецидив жиноят деб — шахснинг қасддан илгари содир этган жинояти учун судлангандан кейин (судланганлик муддати тугамасдан туриб) содир этган жиноятига айнан ўхшаш янги жиноятни қасддан содир этишига айтилади.
Айнан ўхшаш жиноятлар деганда эса — жиноятларни такроранлик белгисини ифодаловчи бир-неча жиноятни содир этишни назарда тутади. Шахсни хавфли рецидивист деб — жиноят қонуни топади. Жиноят хавфли рецидивист томонидан содир этилган деб квалификаця қилиш учун, айбдор судланганлик муддати тугамасдан туриб айнан ушбу турдаги жиноятни яна содир этишининг ўзи етарли ҳисобланади.
Ўта хавфли рецидив жиноят деб — илгари оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланиб, судланганлик муддати тугамасдан шахснинг қасддан беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган қасддан янги жиноят содир этишига айтилади.
ЖК 34-моддаси 3-қисмида шахсни ўта хавфли рецидивист деб топишнинг бир қанча шартлари кўрсатилган.
Уларга:
— илгари ўта оғир жинояти учун ёки икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
— илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилинган ёки олдин-кейинлигидан қатъи назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши.
Фақатгина, суднинг ҳукми билангина шахс ўта хавфли рецидивист деб топилиши мумкин. Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг бошқа давлатлар судларининг ҳукмлари бўйича судланганлиги ҳам ҳисобга олиниши мумкин. Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топишда қуйидаги ҳолатлар эътиборга олинмайди: — ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун судланганлиги; — қонунда белгиланган тартибда судланганлик муҳлатининг ўтиб кетганлиги ёки олиб ташланганлиги. Шахснинг қасддан содир этган жинояти учун ҳукм қилиниб, жазо ёки судланганлик муддатини ўтаётган вақтда, ушбу жинояти учун жавобгарликка тортилгунга қадар бошқа жиноятларни содир этганлиги аниқланса, унинг ҳаракатлари рецидив жиноят сифатида баҳоланмайди.
Жиноят ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган деб квалификация қилиш учун айбдор ушбу жиноятни содир этгунига қадар тегишли равишда суд томонидан ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлиши лозим. Яъни, суд ҳукмида шахсга ўта хавфли рецидивист мақоми берилади ҳамда шундан кейингина у томонидан яна ушбу турдаги жиноятлардан бир содир этилса унинг ҳаракатлари ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган деб тавсифланади. Ўта хавфли рецидивист мақоми фақатгина, шахсдан судланганлик ЖК 79-моддасида белгиланган тартибда олиб ташлангандагина бекор қилинади.
Сурхондарё вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
М.Йўлдошева




