МАҲАЛЛА КАФИЛЛИГИДА СУД ЕНГИЛ ҲУКМ ЧИҚАРДИ

Жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани судининг очиқ сайёр мажлиси ўтказилди. Бойсун тумани “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Руслан Мирзаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) содир этган жиноят иши кўриб чиқилди.
1993 йил 04 март куни Бойсун туманида туғилган ва ҳозир Жарқўрғон туманида истиқомат қилаётган йигит. Гарчи вақтинча ишсиз бўлса-да, муқадам жиноят қилмаган бу ёш йигитни нима жин урдию, қасддан, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми
“г” бандида кўрсатилган жиноят, яъни қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини содир қилди.
Руслан Мирзаев (исм-фамилияси ўзгартирилган) 2025 йил 09 декабрь куни соат 22:30 ларда Бойсун туманида яшовчи шаърий никоҳ асосида бирга яшаб келаётган турмуш ўртоғи Набиева Майсара (исм-фамилияси ўзгартирилган)нинг яшаш хонадонига бориб, турмуш ўртоғи ва унинг опаси Н.Набиева билан ўзаро тортишиб қолиб, тортишув вақтида Н.Набиеванинг кўз ўнгида опаси М.Набиевани ўта шавқатсизлик билан бир неча марта қўллари билан уриб оёқлари билан тепиб унга ўртача оғирликдаги тан жароҳати етказган. Уларни ажратмоқчи бўлган Н.Набиевани ҳам уриб, унга енгил тан жарохати етказган.
Руслан Мирзаев ўзининг юқоридаги жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “г” бандида кўрсатилган жиноятни қасддан содир этган.
Суд мажлисида судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, иш бўйича тарафлар музокараси, жиноят иши ҳужжатлари ўрганилиб, судланувчининг айби исботланди.
Суд судланувчи Руслан Мирзаев (исм-фамилияси ўзгартирилган)га жазо тури ва муддатини тайинлашда унинг муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон экани, жабрланувчини даъвоси йўқлигини, яшаш жойи МФЙ раиси томонидан ижобий тавсифнома ва кафолат хати берилганлигини инобатга олди.
Шундан келиб чиқиб, судланувчига нисбатан ЖКнинг 57—моддасини қўллаб, айбланаётган модда санкциясида назарда тутилмаган, ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим топди.
Энди иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтайдиган бўлди.
ХУРШИД УМБАРОВ,
Жиноят ишлари бўйича
Бойсун туман судининг раиси




