Мавзу: Такроран содир этилган жиноят, жиноятлар мажмуи ҳамда рецидив жиноят тушунчаси ва жамият учун хавфлилик даражаси

Ўзбекистон Республикаси ЖК 32-моддасида такроран жиноят содир этиш тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра Ушбу Кодекс Махсус қисмининг айнан бир моддасида, қисмида, Кодексда алоҳида кўрсатилган ҳолларда эса, турли моддаларида назарда тутилган икки ёки бир неча жиноятни шахс турли вақтларда содир этган, аммо уларнинг бирортаси учун ҳам судланган бўлмаса, такроран жиноят содир этиш деб топилади. Тамом бўлган жиноят ҳам, жазога сазовор бўлган жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этишга суиқасд қилиш ҳам, шунингдек иштирокчиликда жиноят содир этиш ҳам такроран жиноят содир этиш деб топилади.
Агар шахс илгари содир этган қилмиши учун жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинган бўлса, жиноят такроран содир этилган деб топилмайди.
Умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил қилувчи бир-бирига ўхшаш бир неча жиноий қилмишлардан иборат бўлган (давомли) жиноят такроран содир этилган деб топилмайди.
Вазифаларини узоқ вақт мобайнида бажармасликдан иборат бўлиб, бир жиноятнинг узлуксиз таркибини ташкил қилган (узоққа чўзилган) жиноят такроран содир этилган деб топилмайди.
Бир шахс томонидан бир вақтнинг ўзида ёки турли вақтда бир қанча жиноятларни содир этиши тергов-суд амалиётида кўп учрайдиган ҳодисалардир. Жиноят ҳуқуқида бу ҳодиса бир қанча жиноят содир этиш, деб номланади.
Бир қанча жиноят содир этиш ҳуқуқий нуқтаи назардан тегишли ҳуқуқий оқибатларга олиб келувчи жиноятнинг муайян шаклларини акс эттирувчи жиноий-ҳуқуқий атама сифатида тавсифланиши лозим. Шахс томонидан унинг жиноий жавобгарликка тортилишигача бир вақтнинг ўзида ёки турли вақтда тизимли равишда жиноят содир этиш ҳоллари ёки илгари содир этган жинояти учун судланганидан кейин, содир этилган икки жиноий қилмишнинг ҳеч бўлмаганда, бири учун жиноий-ҳуқуқий оқибатлари тугамаган ёки олиб ташланмаган (муддати ўтмаган) бўлса, шунингдек, жиноят ишини қўзғатишга процессуал тўсиқлар бўлмаса, бир қанча жиноят содир этиш ҳолатлари юзага келади.
Жиноят кодексининг 32-моддаси биринчи қисми таърифидан келиб чиқиб, такроран жиноят содир этишнинг бир қанча белгиларини ажратиб кўрсатиш мумкин:
— шахс томонидан икки ёки ундан ортиқ жиноятнинг содир этилиши;
— жиноятнинг турли вақтларда содир этилиши;
— айнан бир моддада, қисмда, баъзи ҳолларда эса, турли моддаларда назарда тутилган янги жиноятнинг содир этилиши;
— шахснинг содир этилган жиноий қилмишларидан бирортаси учун ҳам шахс судланган бўлмаслиги.
Такроран жиноят содир этиш деганда, илгари муайян жиноят содир этган шахс томонидан, илгариги қилмишининг ҳуқуқий оқибатлари олиб ташланмасдан, янги жиноят содир этиш ҳоллари тушунилади. Жиноят қонуни маъносида такроран жиноят содир этиш (умуман, бир қанча жиноят содир этиш сингари) бир шахс томонидан ҳар бири жиноий жазога сазовор, жиноят бўлмиш ижтимоий хавфли ҳаракатларни камида икки марта содир этишини назарда тутади.
ЖК нинг 32-моддасида қонун чиқарувчи такроран жиноят содир этиш деганда, айбдор томонидан ҳам биринчи, ҳам кейинги ҳолларда жиноят қонуни нуқтаи назаридан жиноят деб топиладиган ҳаракатларни содир этишини назарда тутгани шубҳасиздир.
Жиноятни такроран содир этишнинг зарурий белгиси бўлиб, шахс томонидан икки ёки ундан ортиқ жиноятларни кетма-кет содир этиши ҳисобланади. Жиноятларнинг турли вақтларда содир этилиши (кетма-кет содир этилиши) уларнинг бир-биридан вақт буйича ажратилиши, яъни уларнинг ҳар бири кейингисидан кичик бўлса-да, муайян вақт оралиғи билан ажратилишини тақозо этади. Вақтдаги узилиш давомли бўлмаслиги мумкин, бироқ, у ҳар доим бир жиноятни бошқасидан ажратиш имконини бериши лозим. Бироқ, бундай вақт оралиғи содир этилган жиноятлар ўртасеида айбдорнинг ҳуқуққа хилоф ҳулқи жиноятга қарши йуналтирилганлигининг барқарорлик даражаси ва хавфлилигини аке эттирувчи узаро ички алоқаси ва боғлиққлиги йуқотилишига олиб келган ҳолатда давомли бўлиши мумкин эмас.
Шахс томонидан содир этилган биринчи (илгариги) ва янги (кейинги) жиноят ўртасида ўзаро алоқа ва боғлиқлик мазкур шахс жамиятга қарши (жиноий) хулқининг давом этиши сифатида қараш имконини берувчи такроран жиноят содир этишда мавжуд бўлади. Мазкур алоқа қайд этилишининг жиноий-ҳуқуқий усули бўлиб, илгари содир этилган жиноят учун жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари ҳисобланади. Оқибатда, илгариги ва кейинги содир этилган жиноят ўртасида олдинги жиноятнинг жиноий ҳуқуқий оқибатларини бекор қилмайдиган муддатларгина ўтиши мумкин. Илгариги ва кейинги жиноят ўртасида биринчи қилмишнинг жиноий-ҳуқуқий аҳамиятини йуқотувчи катта вақт ўтган бўлса, жиноятларнинг бундай бирикуви, такроран жиноят содир этиш ҳақида сўз юритиш имконини бермайди.
Жиноятларнинг турли вақтда (кетма-кет) содир этилиши бир қанча жиноят содир этиш белгиси сифатида мазкур тушунчани жиноятларнинг идеал мажмуи тушунчасидан фарқлаш имконини беради.
Жиноятларнинг идеал жами деганда, Жиноят кодексининг Махсус қисми турли моддаларида назарда тутилган икки ёки бир неча жиноий қилмишни бир вақтнинг ўзида битта жиноий ҳаракат билан содир қилишга айтилади. Жиноятни такроран содир этишда айбдор томонидан содир этилган ҳар бир ҳаракат жиноят қонуни нуқтаи назаридан мустақил жиноят, деб топилади. Бунда бир жиноят ҳар доим бошқасидан ажратилган бўлади, ўзаро боғлиқ бўлса-да, турли вақтларда содир этилади. Такроран жиноят содир этиш, деб топилган барча жиноятлар бир-бирига боғлиқ бўлади. Такроран жиноят содир этишнинг субъектив томони унинг барча белгилари билан ўзига хос ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлиб, жиноятни тўғри квалификация қилиш ва адолатли жазо тайинлашда муҳимдир. Такроран жиноят содир этиш ўз навбатида юқоридаги белгиларга кўра, давомли узоққа чўзилган рецидив жиноятлардан фарқ қилади.
Моҳиятан, жиноятларни турли вақтларда содир этиш субъектда жамиятга қарши қарашлар ва мотивлар барқарорлигининг гувоҳлиги, айбдор шахсининг юқори ижтимоий хавфлилиги курсаткичи бўлиб ҳисобланади. Жиноятларни турли вақтда содир этиш субъектнинг турли хил ҳаётий вазиятларда бўлиши ва ижтимоий нормалар ҳамда жиноят қонунига мувофиқ хулқ-атвор вариантини танлаш реал имкониятига эга бўла туриб, қонун билан таъқиқланган хулқ-атворни танлашини кўрсатади. Ҳар бир муайян вазиятда тегишли хулқ-атворни танлашда шахс ҳуқуққа хилоф вариантларни танлар экан, бу жамиятга қарши ҳаракатлари қарашларининг барқарорлиги, муайян ҳаётий позицияеи, унинг юқори ижтимоий хавфлилигидан далолат беради.
Агар шахс илгари содир этган жинояти учун қонунда назарда тутилган тартибда жиноий жавобгарлик ёки жазодан озод қилинган бўлса, жиноят такроран содир этилган, деб топилмайди.
Жиноятни такроран содир этиш белгиси кўпгина моддаларда ижтимоий хавфли қилмишнинг квалификация белгиси бўлганлиги сабабли шахс томонидан содир этилган жиноятлар мазкур ҳолда Жиноят кодекси моддасининг такроран жиноятни содир этиш учун жазони назарда тутувчи тегишли қисми бўйича квалификация қилинади.
Рецидив жиноят тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 34-моддасида қайд этилган бўлиб, турлари — оддий (умумий), хавфли ва ўта хавфли рецидив жиноятдан иборатдир.
Оддий (умумий) рецидив жиноят шахс илгари содир қилган жинояти учун судлангандан кейин Жиноят кодекси Махсус қисмининг бошқа бир моддасида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этилишидир.
Унинг диспозициясини қайтаришнинг зарурияти йўқ, бироқ рецидив жиноятларни квалификация қилиш ва шундай жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазо тайинлашда қайси ҳолатларга эътибор бериш керак?
Жиноят кодексининг 34-моддаси 2-қисми рецидив жиноятнинг хавфли даражасини ажратиб кўрсатади. Унинг белгилари шундан иборатки, шахс илгари қасдан содир этган жинояти учун ҳукм қилингандан сўнг қасддан шунга ўхшаш янги жиноят содир этади. Бундан ташқари, Жиноят кодексида алоҳида кўрсатилган ҳолларда қасддан жиноят содир этиш ҳолатлари ҳам хавфли рецидив жиноят деб топилади. Илгари ҳукм қилинган жиноятга ўхшаш жиноятни содир қилиш, деган тушунча шундан иборатки, шахс илгари қасддан содир қилинган жиноят учун судланганидан кейин айнан ўша моддада ёки модданинг муайян қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этиш тушунилади.
Шахсни хавфли рецидивист деб ҳисоблаш масаласини суд ҳал қилмайди, балки қонуннинг ўзида белгилаб қўйилган асосларга кўра, шахс хавфли рецидивист деб ҳисобланади. Шахс хавфли рецидивист деб унинг тергов органлари томонидан айбланиши жараёнида топилиши лозим. Чунки хавфли рецидивист томонидан жиноят содир этилиши бир қатор жиноятларнинг тавсифлаш белгиси ҳисобланади ва жиддийроқ жазо чоралари қўллашга олиб келади. Шу сабабли бу ҳолат дастлабки тергов органи томонидан жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинаётганда кўрсатиб ўтилган бўлиши лозим ва кейинчалик бу суд ҳукмининг тавсиф қисмида ҳам ўз аксини топиши керак.
Хавфли рецидив жиноятга нисбатан ҳам судланганлик олиб ташланиши ва тугаганлиги ҳамда шахс илгари қасддан содир этган жинояти учун ёки жазодан озод қилиниши каби бошқа ҳолларда ҳам хавфли рецидив жиноят, деб топиш асосларининг олиб ташланиш қоидалари қўлланилади. Такроран жиноят содир этиш ёки илгари ҳам қасддан жиноят содир этганлик учун судлангандан сўнг янгидан қасддан жиноят содир қилиш қўйидаги ҳолларда жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топилмайди:
— агар биринчи марта содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтган бўлса;
— судланганлиги белгиланган тартибда олиб ташланган ёки тугаган бўлса;
— ёки илгари содир этган жиноий хатти-ҳаракатлари учун жавобгарлик қонун билан бекор қилинган бўлса;
— Жиноят кодексининг 65, 66, 661, 68, 69, 70, 71, 76-моддаларига биноан шахс илгари содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод этилган бўлса;
Мазкур ҳолат нафақат оддий рецидив жиноятга, балки хавфли ва ўта хавфли рецидив қаторида рецидив жиноятнинг барча турларига тааллуқлидир, чунки оддий рецидив жиноятга тегишли умумий белгилар уларга ҳам хосдир.
Ўта хавфли рецидив жиноят бир қанча жиноят содир этишнинг нисбатан энг оғир шаклларидан бири бўлиб ҳисобланади. Уларга жазо сифатида озодликдан маҳрум этишнинг тайинланиши ва беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш киради. Бундай асос рецидив жиноятнинг фақатгина қўйидаги вариантларидан бирининг мавжудлигида вужудга келади:
— илгари ўта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
— илгари икки марта оғир жинояти учун ҳукм қилиниб, уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан ўта оғир жиноят содир этилиши;
— илгари оғир жинояти учун икки марта ҳукм қилинган ва уларнинг ҳар бири учун беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахс томонидан оғир жиноят содир этилиши;
— илгари олдин-кейинлигидан қатъий назар, оғир ёки ўта оғир жиноятлар учун уларнинг ҳар бирига беш йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахснинг оғир жиноят содир этиши.
Ўта хавфли рецидив жиноятнинг асосий ўзига хос белгиси бўлиб, унинг ўта хавфли рецидив, деб фақат суд томонидан топилишининг мустаҳкамланганлигидадир. Бу қоида шундан далолат берадики, судлар ижтимоий хавфлилик ҳақиқий табиати ва даражасини аниқлашда устунликка эга бўлади ва судялар ҳар бир муайян вазиятда иш ҳолатлари ва ўта хавфли рецидивист мақомини аниқлаш учун муҳим аҳамиятга эга бўладиган айбдор шахси ҳақидаги аниқ маълумотлардан келиб чиқишлари лозим. Илгари судланганлик, агар у олиб ташланмаган ёки тугамаган бўлса, ҳукмнинг кириш қисмида келтирилиши лозим.
Қонун илгари қасддан жиноят содир этган муайян шахсларга нисбатан чеклашларни мустаҳкамлайди. Шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган вақтда унинг ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар содир этган жинояти учун судланганлиги, шунингдек, қонунда белгиланган тартибда судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки олиб ташланган судланганлиги инобатга олинмайди.
Сурхондарё вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
А.Саъдуллоев



