Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси-фуқароларнинг эркин меҳнат қилиш ҳуқуқини кафолатлайди

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасида Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган.
Шунингдек 2023 йил 20 ноябрда Олий суд Пленумининг «Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унда меҳнат низоларини кўришда судлар амалиётида вужудга келадиган масалаларга алоҳида тушунтириш бериб ўтилди.
Судларда кўрилаётган меҳнат низоларининг аксариятини ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этганлик, меҳнат таътили билан боғлиқ низолар, пулли компенсация ундириш ва бошқа низолар ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига кўра ҳар ким меҳнат ҳуқуқларини амалга ошириш ва ҳимоя қилишда тенг имкониятларга эга.
Меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситиш тақиқланади. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, қариндошларида судланганликнинг мавжудлиги, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, яшаш жойи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик сифатлари ва меҳнати натижалари билан боғлиқ бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнат ва машғулотлар соҳасида бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита чекловлар белгилаш, худди шунингдек бирор-бир тўғридан-тўғри ёки билвосита имтиёзлар бериш камситишдир.
Меҳнат ва (ёки) машғулотлар соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситилиш факти устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши, шу жумладан камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённинг компенсация қилиниши тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Меҳнат кодексининг талабларига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда ходим ҳуқуқларининг кафолатлари, меҳнат-ҳуқуқий муносабатларда иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизмат текширувларини ўтказиш ва ходимларга интизомий жазоларни қўллаш тартиби ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш асослари, кафолатли тўловлар ва компенсация тўловларига оид масалалар юзасидан низо пайдо бўлганда фуқаролар ўзининг ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикаси «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига кўра даъвогарлар — иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар ва меҳнат ҳуқуқлари муносабатларидан келиб чиқадиган бошқа талаблар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади.
Фуқаролик ишлари бўйича
Денов туманлараро суди судьяси
Панжиев Сулаймон Абдуназарович




