Kasbim-faxrim

ТАШҚИ КАРАНТИН ИНСПЕКТОРЛАРИ ФАОЛИЯТИ ЎРГАНИЛДИ

Мамлакатимизга кириб келаётган ва ундан чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳар доимгиданда долзарб. Айниқса, чегара пунктларида амалга ошириладиган экспорт-импорт операцияларида ўсимликлар карантини соҳаси вакиллари иштироки фитосанитар барқарорликни сақлашда ҳал қилувчи омиллардан бири ҳисобланади.  Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Ташқи карантин назорати бўлими бошлиғи ўринбосари Ғайрат  Раджабов, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси Агентликнинг Ташқи карантин бўйича  бош мутахасиси Шерали Қобиловлар бошчилигидаги  ишчи гуруҳ Сурхондарё вилоятида бўлиб  тизимда олиб борилаётган ишларнинг  бориши билан танишди.  Маълумки,  юртимизда  ўсимликлар карантини ва ҳимояси  тизими орқали зараркунанда ҳашаротлар, касалликлар ва бегона ўтлар каби хавфли организмларнинг мамлакат ҳудудига кириб келиши ёки тарқалишининг олди олинади. Шу нуқтаи назардан, чегара божхона пунктларида карантин инспекторлари томонидан амалга ошириладиган назорат тадбирлари ҳар бир экспорт ва импорт операциясининг ажралмас қисмига айланган. Ташқи карантин инспекторлари  фақатгина текширув билан чекланиб қолмайди. Улар тадбиркорлар ва ташувчиларга карантин қоидалари, ҳужжатлаштириш тартиблари ҳамда халқаро фитосанитар талаблар бўйича тушунтириш ишларини ҳам олиб борадилар.

Ишчи гуруҳ вакиллари  «Термиз» ТИФ  масканида бўлиб, шу жойнинг ўзида чет давлатдан импорт бўлиб кириб келаётган олма маҳсулотини ТИФ маскани мудири А.Абдуллаев томонидан қабул қилиш ва текшириш  жараёнлари, электрон аризалар билан ишлаш бўйича тажрибалари ўрганилди. «Айритом»ЎКЧМ масканида ҳам кузатув ва текшириш ишлари давом эттирилди. Ташқи карантин инспекторлари Р.Раҳмонов, И.Амановларнинг касбий маҳоратлари ҳам кўздан кечирилди. Инспекторларга  маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини синчиклаб кўздан кечириш, зараркунанда организмлар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаши ҳамда барча талабларга жавоб берган тақдирда фитосанитар сертификат расмийлаштириш мавзусида тушунча берилди.

Маълумки, импорт операцияларида назорат янада кучайтирилган тарзда амалга оширилади. Чет давлатлардан олиб келинаётган уруғлик материаллар, кўчатлар, мевалар ва бошқа ўсимлик маҳсулотлари карантин инспекторлари томонидан текширилишидаги ўзига хос жиҳатлар қонунчиликдаги меъёрлар,  янгиликлар асосида қайта ўқитилди. Зарур ҳолларда лаборатория таҳлиллари ўтказилиши, маҳсулотнинг хавфсизлиги баҳолаш механизмлари тушунтирилди. Олиб борилган барча жараёнлар  мамлакат қишлоқ хўжалигига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган хавфларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Шу куннинг ўзида Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида  агентлик тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, коррупцон ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда фитосанитария назоратини янада такомиллаштириш мақсадида  йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишни бошқарма бошлиғи Усмон Туропов олиб бориб, коррупцион ҳолатлар давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва жамиятнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатувчи, ҳуқуқий нормалардан четга чиқиш билан боғлиқ хавфли ижтимоий ҳодиса эканлиги ҳақида маъруза қилди.

Йиғилишда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Ташқи карантин назорати бўлими бошлиғи ўринбосари Ғ. Раджабов,  Агентликнинг Ташқи карантин бўйича  бош мутахасиси Шерали Қобиловлар иштирок этиб, ҳудудий бошқармада фаолият юритаётган давлат инспекторлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда ташқи иқтисодий фаолият жараёнларида фитосанитария назоратининг самарадорлигини ошириш, экспорт-импорт операцияларида қонунчилик талабларига қатъий риоя этиш, чегара масканларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг масъулиятини кучайтириш,соҳада юзага келиши мумкин бўлган коррупцион омилларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш механизмларини кучайтириш,ходимлар ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ҳар бир давлат инспектори ўз фаолиятида ҳалоллик, холислик ва қонун устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаши зарур. Йиғилиш якунида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Related Articles

Back to top button