Оилавий зўравонликка қарши курашиш хусусида

Мамлакатимизда фуқароларни оиладаги тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддаси “Оилавий (маиший) зўравонлик” деб номланиб, ушбу моддада оилавий (маиший) зўравонлик учун алоҳида жиноий жавобгарлик белгиланган.
Бугун ушбу моддадаги жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этиладиган жиноятлар учун жиноий жавобгарликнинг хусусиятлари, қонунда белгиланган жазолар ҳақида сўз юритамиз.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддаси 5-қисмида, ушбу модданинг 4-қисмида назарда тутилган ҳаракатлар, яъни “Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки болага, шунингдек умумий фарзандга эга бўлган шахсга содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган ва ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган оқибатларга олиб келмаган, лекин соғлиқнинг узоқ вақт, яъни камида йигирма бир кун, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган даврда ёмонлашувига ёки умумий меҳнат қобилиятининг ўн фоизидан ўттиз уч фоизигача йўқолишига сабаб бўлган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш” қилмишлари;
а) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;
б) ҳомиладорлиги айбдорга аён бўлган аёлга нисбатан;
в) ўта шафқатсизлик билан;
г) ғаразли ниятларда;
д) диний таассублар замирида;
е) бир гуруҳ шахслар томонидан;
ж) такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97, 104 ва (ёки) 105-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
з) ўта хавфли рецидивист томонидан;
и) қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган бўлса, —
уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши назарда тутилган.
Яъни, ушбу модданинг 5-қисми 1-4 қисмларидаги қилмишлардан ҳам оғирроқ ҳисобланган жиноий қилмишлар учун бирмунча оғирроқ жазони назарда тутади.
Жавобгарликнинг муқаррарлигини англаш ва қонунлар ҳақида маълумотга эга бўлиш ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилоят суди
жиноят ишлари бўйича судьяси
М.Маликов




