ГИЛОС ПАШШАСИ

Ҳозирги кунда Ўзбекистон дунёда гилос етиштирувчи 40 та мамлакатлар рўйхатига киради. Гилос мамлакатимизда энг кўп тарқалган мевалардан бири бўлиб, май ойида пишиб етилади ва дастурхоннинг кўркига айланади. Шу билан бирга, гилос меваси таркибида кальций, темир, органик кислоталар, сахароза ва бошқа витаминларни ўзида сақлаб, саломатлигимизни мустаҳкамлашда кўмаклашади. Гилос боғларида ҳосилдорликни оширишнинг асосий омилларидан бири уларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишдир. Интенсив усулда ўстириладиган олча ва гилос боғларини кенгайтириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш учун уларда учрайдиган зараркунандаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Ушбу боғларда зарари сезиларли даражада бўлаётган, маҳсулот сифатини пасайтирувчи зараркунандаларнинг миқдори ошиб бормоқда.
Гилос пашшаси – ҳозирги вақтда олча ва гилос меваларининг асосий зараркунандаси ҳисобланади. Улар эрта ва кеч пишар навларга кўпроқ зарар етказади. Пашша личинкалари гилос меваларининг этида ривожланади. Зараркунанда таъсири натижасида меваларнинг сифати бузилади, эрта тўкилиб, чириш ҳолатига келади. Баъзи йилларда зараркунанданинг таъсири натижасида 90-100 % ҳосил йўқотилиши аниқланган.
Гилос пашшаси яъники (Rhagoletis ceras) зараркунандани қандай аниқлаш мумкин? Бир кўришда гилос пашшасини аниқлаш қийин. Кўпчилик боғбонлар унинг мавжудлигини фақат меваларнинг зарарланиши ортганда ва ҳосил деярли нобуд бўлганда билади.Гилос пашшаси жуда майда 5,5 ммли пашша бўлиб, унинг танаси ёрқин қора рангда, боши ва оёқлари сариқ, қаноти оқ-қора бўлади. Асосан личинкалар меваларни зарарлайди.
Ҳар бир мевада ўсиб ривожланиш учун зарурий моддалар мавжудлиги сабабли, битта мевада 1 та личинка, камдан-кам ҳолларда 2 та личинка учрайди. Агар мевалар икки ҳафта давомида юмшоқ бўлса, унда ривожланувчи личинка 100 % омон қолиши кузатилган . Россиялик олим М.П.Папов фикрига кўра, личинкалар 20 кун ичида ривожланади. Уларнинг ривожланиши меванинг шакар миқдорига ва кислоталигига кучли таъсир кўрсатади.
Тажрибалар давомида турли хил феромон тутқичларнинг самарадорлигини аниқлаш мақсадида, бир гектар гилос боғига оддий “гилос пашшаси” феромон тутқичи ва аммоний ацетат ҳамда аммоний корбанат каби тузларнинг ўзгарувчан аромати қўшилган ферамон тутқичлар 2 тадан қилиб илиб чиқилди, ҳар бир тутқичга тушган пашшалар сони ёз охирида умумлаштирилди. Олинган натижага кўра, 1 дона оддий “гилос пашшаси” феромон тутқичига 1 та гилос пашшаси тушган бўлса, ароматик аспектлардан фойдаланилган феромон тутқичларга 50% кўпроқ гилос пашшаси тушганлиги аниқланди.
Гилос пашшасига агротехник кураш чораларига тўхталадиган бўлсак, буларга дарахт шохларига фитосанитар шакл бериш, гилос ва олча дарахтлаи қатор ораларини шудгорлаш, дарахтларининг атрофи ва қатор ораларини бегона ўтлардан тозалаш ҳамда минерал ўғитлар билан ўғитлашни назорат қилиб бориш кабилар киради.Феромон тутқичларини нафақат назорат учун, балкит гилос пашшасига қарши кураш чораси сифатида ҳам ишлатиш мумкин. Эркак пашшаларни 60-65 фоизини йўқотиш натижасида 80 фоиз урғочилари уруғланмай қолишга эришилади. Сунъий, яъни алдамчи озуқа тайёрлаш орқали 1 кунда ўртача 15-20 дона пашшалардан ҳоли бўлиши мумкин.Бу ҳашоротга қарши биологик кураш чоралари ҳам мавжу; оддий олтинкўз – (Chrysoperlacarnea) личинкалари жуда йиртқич бўлиб, бир суткада ўртача 15-20 та пашшани еб қўяди. Кимёвий кураш чораларига келсак, эрта баҳорда гилос ва олча дарахтларини минерал-мойли эмульсияли препаратлари билан ҳамда ИСО ва Бордо суюқликлари билан ишлов бериш лозим. Ғумбакдан чиққан урғочи пашшалар 12-14 кун давомида нектар ва сўрвчи ҳашаротлар томонидан ажратилган шира (экскремент)лар билан қўшимча озиқланиб бўлган ҳаво ҳарорати ўртача +18 +22С бўлганида гилос ва олчанинг ёш меваларига тухум қўя бошлашидан олдин кимёвий кураш сифатида таркибидан таъсир этувчи моддаси абамектин, имидоклоприд ва лямбдцигалотрин бўлган инсекто- акарийцидлар билан ишлов бериши ташкиллаштирилади.
Нурислом Пардаев
Сурхондарё вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси
Қумқўрғон туман бўлими давлат карантин инспектори





