Маст ҳайдовчига нисбатан чора кўрилди

Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддасида, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқариши,
транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан уч йил муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг қирқ баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2025 йил 13 май кунидаги қарорига кўра, Неъматов Вахоб Бекмуротович (исм-фамиля ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисми билан 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиб, базавий хисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида, яъни
15.000.000 сўм жарима жазоси тайинланган.
Суднинг ушбу қарорига кўра, В.Неъматов 2025 йил 6 май куни соат 23:00ларда ўз бошқарувидаги “Нексия” русумли автотранспорт воситасини Термиз шаҳри ҳудудида бошқариб кетаётганида тўхтатилиб, тиббий кўрикдан ўтказилганида, В.Неъматовнинг алкоголдан мастлиги аниқланган.
Гарчи, ҳуқуқбузар В.Неъматовнинг апелляция шикоятида, ўзига нисбатан нотўғри маъмурий иш расмийлаштирган, автомашинани бошқармагани, ўзини айби йўқлиги сабабли суд қарорини бекор қилишини сўраган бўлса-да, унинг важи вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2025 йил 30 май кунидаги қарори билан қуйидагилар асосида рад қилинган.
Жумладан, В.Неъматовнинг айби, ЙҲХБ ходимининг боди камерасидан олинган видео ёзувларда автомашина бошқариб, уйини олдида тўхтаган вақтида автомашина рулидан тушиб келганлиги тасвири, В.Неъматовни алкотестер техник воситаси орқали текширилганда 0,449 mg/L спиртли ичимлик ичганлиги аниқлангани, у алкотестер текшируви натижасига нисбатан эътироз билдирмаганлигива бошқа объектив далиллар билан ўз исботини топган.
Хулоса шуки, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш бу нафақат маъмурий ҳуқуқбузарликка сабабчи бўлади, балки инсон, унинг ҳаёти ва тақдирига ҳам хавф солиш мумкин бўлган жиддий ҳолат саналади.
Вилоят судининг
судья катта ёрдамчиси
Б.Нормуродов




