Одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш хусусида

Одам савдосининг олдини олиш, унга қарши самарали курашиш юзасидан мамлакатимизда қатор амалий ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 17 августдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бунга яққол мисол бўла олади.
Бугун биз ушбу Қонундаги одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш тартиби ҳақида сўз юритамиз.
Жумладан, Қонуннинг 20-моддаси “Одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш” деб номланган.
Ушбу моддага кўра, одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш, аниқлаш ва уларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.
Одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
дастлабки идентификация қилиш — одам савдосига қарши курашишга доир фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан;
якуний идентификация қилиш — ҳудудий комиссиялар томонидан.
Дастлабки идентификация қилиш чоғида шахсни одам савдосидан жабрланган деб тахмин қилинаётган шахс деб тан олиш тўғрисида қарор қабул қилиш мақсадида маълумотларни олишга, ўрганишга ва баҳолашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилади.
Якуний идентификация қилишда шахсни одам савдосидан жабрланган деб тан олиш ёки тан олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Одам савдосидан жабрланганларни идентификация қилиш:
шахс одам савдосидан жабрланган деб тан олинган;
жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсга нисбатан жиноий ҳаракатлар содир этилмаганлиги тўғрисида маълумотлар олинган ҳолларда тугатилади.
Хулоса шуки, одам савдосига қарши курашишда ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятнинг аҳамияти жуда муҳим ҳисобланади.
Сурхондарё вилоят суди жиноят
ишлари бўйича судьяси М.Маликов




