«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун мазмун ва моҳияти

«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги ЎРҚ-419-сонли Қонуни 2017 йил 3 нвар куни қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлигидан иборат.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳисобланади.
Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:
давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ва бошқа ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтириш;
коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш;
давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;
давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;
давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;
давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;
давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш;
давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.
Қонунчиликда давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинганидан буён коррупциявий ҳолатларга муросасиз кураш бошланди. Шунингдек коррупцияни келтириб чиқарувчи миллар бартараф этилмоқда.
Коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар қуйидагилардан иборат:
Тадқиқотчилар коррупциянинг асосий сабаблари сифатида тўртта омилни кўрсатадилар.
Биринчиси – иқтисодий сабаблар. Бу ҳақда, муҳтарам Президентимиз ўзларининг чиқишларида кўп маротаба сўз юритиб келади. Коррупциянинг бу кўриниши ижтимоий ва иқтисодий ҳаётни бевосита маъмурий йўл билан бошқаришга интилган ҳокимият ва бюрократиянинг мавқеи баланд бўлган давлат шароитида ривож топади. Иқтисодий фаолиятга нисбатан ўрнатилган турли хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг кенг, назоратдан холи, чекланмаган ёки рухсат бериш, ёки тақиқлаш ваколати коррупцияга замин яратади. Шу билан боғлиқ ҳолда, йирик маблағларга эга бўлган айрим ишбилармонлар ўз даромадларини кўпайтириш мақсадида ва рақобатда алоҳида имтиёзларга эга бўлиш учун ҳукумат амалдорларини пора эвазига сотиб олиб, уларни ўз ихтиёрларига бўйсундиришга интиладилар.
Иккинчиси – ҳуқуқий сабаблар. Коррупциянинг ривожи қонунларнинг сифатига боғлиқдир. Мукаммал бўлмаган қонунлар ишламайди ва айрим уддабуронлар бундан усталик билан фойдаланадилар.
Учинчиси – институционал сабаблар бўлиб, уларга аввало, давлат бошқаруви тизимидаги нуқсонлар, демократик институтларнинг кучсизлиги, шунинг натижасида, ҳукумат фаолиятининг ёпиқлиги ёки фуқаролик назоратидан холилиги киради.
Тўртинчиси – ижтимоий сабаблар ёки жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омиллардир.
Турахужаева Шейма
Хурсандова Руҳшона
Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети
Журналистика факултети талабалари




