Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
Унда инвестиция масалалари кўриб чиқилмоқда.
Очиқлик ва кучли инвестиция сиёсати натижасида иқтисодиётимиз барқарор ўсиб келаётгани таъкидланди.
Хусусан, 2024 йилда ялпи ички маҳсулот 6,5 фоизга ошиб, 115 миллиард долларга етди, хорижий инвестиция 1,6 баробар ўсиб, 34,9 миллиард долларни ташкил қилди, қиймати 10 миллиард долларлик 242 та йирик ва ўрта лойиҳалар ишга тушди, экспорт илк бор 27 миллиард долларга чиқди.
Ўтган йили 50 та туманга 100 миллион доллардан кўп сармоя кириб келди (2023 йилда бундай туманлар 11 та эди).
Давлатобод, Янги Наманган, Мирзо Улуғбек, Чилонзор, Шайхонтоҳур туманлари, Наманган ва Самарқанд шаҳарларида инвестициялар 300 миллион доллардан ошган.
Тоғ-кон, нефтгаз, кимё, қишлоқ хўжалигида режа 2 карра ортиғи билан бажарилди.
Шу билан бирга, етарли шароит бўла туриб, инвестиция режаси тўқимачиликда 17 миллион долларга кам бажарилгани, инвестиция “Ўзтрансгаз” ва «Ўзметкомбинат»да 2 баробар, “Ўзсувтаъминот”да 20 фоизга пасайгани кўрсатиб ўтилди.
Ушбу ташкилотлар раҳбарлари шу йил биринчи чоракда ўзгариш қилмаса, уларнинг фаолиятига баҳо берилиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирилди.
Экология, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари, Давлат активлари, Фармацевтика ва Ўрмон хўжалиги агентликларида грант олиб келиш режаси 25 фоизга ҳам бажарилмагани, Қурилиш, Транспорт, Маданият вазирликлари, Туризм қўмитаси олиб келган гранти эса 10 миллион доллардан паст бўлгани танқид қилинди.
Умуман, Мактабгача ва мактаб таълими, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Спорт, Олий таълим, Маданият, Экология, Қишлоқ хўжалиги, Рақамли технологиялар, Қурилиш вазирликларининг инвестиция ва грант олиб келиши бор имкониятларга мутлақо мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Салоҳияти юқори бўлган Франция, Япония, Италия, Венгрия, Малайзия, Испаниядан ўтган йили 100 миллион доллар ҳам инвестиция келмагани қайд этилди.
йрим туман ҳокимлари инвестиция ва экспорт масаласини ўз ҳолига ташлаб қўйгани қайд этилди.
Ўтган йили Беруний, Қораўзак, Қўнғирот, Пешку, Янгиобод, Қамаши, Хонқа, Шовот туманларида инвестиция 15 миллион долларга ҳам етмади. Ромитан, Деҳқонобод, Миришкор, Чироқчи, Нарпай, Нуробод ва Гулистон туманлари, Оҳангарон шаҳрида экспорт камайган.
Ушбу 16 та туман ва шаҳар ҳокимларига ҳайфсан эълон қилинди.
Ҳудудида инвестицияларни жалб қилиш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги фаолиятда жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Маҳмудалиев лавозимидан озод этилди.
Эндиликда инвестиция бўйича янги назорат тизими бўлиши белгиланди.
Бунда Бош вазир бу йилги 42 миллиард доллар хорижий инвестиция бўйича ойма-ой режани тасдиқлайди, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари, тармоқ раҳбарлари ҳафтада икки кун инвестиция билан шуғулланади.
Мутасаддилар тинмай ҳудудларга бориши, тадбиркорлар билан учрашиши, масаласини жойида ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Президент 2025 йилдаги асосий вазифаларга тўхталди.
Ўтган йил якунида ҳокимларнинг ҳудудий режалари белгилаб олинди. Ҳар бир туман кесимида бажарилиши лозим бўлган индикаторлар тўплами ишлаб чиқилди.
Жумладан, бу йил 27 та туман ҳокими инвестицияни 200 миллион доллардан ошириш режасини олган. Масалан, сўнгги беш йилда Учкўприкда хорижий инвестиция 10 карра ошиб, 100 миллион долларга етди. Туман ҳокими 2025 йилда буни 200 миллион долларга етказишни ҳисоб-китоб қилган.
Лекин 10 та туман ҳокимининг режаси 40 миллион долларга ҳам етмаслиги кўрсатиб ўтилди. Булар Миришкор, Кўкдала, Боёвут, Бандихон, Узун, Шеробод, Бекобод, Тошкент, Риштон, Гурлан туманлари.
Мутасаддиларга ушбу туманларга янги лойиҳалар пакетини шакллантириб, камида 100 миллион долларлик режани тасдиқлаш топширилди.
Ҳар бир доллар инвестициянинг самарадорлигини ошириш ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланди.
Сўнгги етти йилда киритилган 120 миллиард доллар инвестиция ҳисобига 6 мингдан ортиқ корхона ишга тушди. Таҳлиллар кўрсатишича, жалб қилинган ҳар 1 минг доллар инвестиция йилига ўртача 530 доллар қўшилган қиймат яратмоқда.
Тоғ-кон саноатида бу кўрсаткич 700 долларга етгани сабабли соҳага Германия, Туркия, Хитой ва бошқа давлатлардан инвесторлар кириб келишни бошлади.
Лекин “Ўзбекнефтгаз”, «Ўзметкомбинат» ва қурилиш материаллари тармоғида инвестиция самарадорлиги бошқа тармоқларга нисбатан 2 баробар паст. Инвестиция ҳисобига қўшилган қиймат Сирдарёда республика кўрсаткичидан 3 баробар, Бухоро ва Қорақалпоғистонда 2 баробар кам.
230 та тадбиркорнинг божхона омборларида узоқ муддатдан буён сақланаётган 120 миллион долларлик ускуналар эгаларига етказилди. Лекин яна 105 та тадбиркорнинг 110 миллион долларлик ускуналари омборларда турибди.
Мутасаддиларга ушбу ускуналарни эгаларига етказиш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.