Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини бундан кейин ҳам барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди
Аслида ҳам, мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз берди. Бу, ўз навбатида, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганидан яққол далолатдир.
Халқ – давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқи томонидан «ваколатли вакиллари тимсолида», яъни парламент аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли равишда, мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳририни «ягона Ўзбекистон халқи» бевосита умумхалқ референдумида – тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституция 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумеътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканлигини англатувчи тамойил ўрнатилган.
Кейинги йилларда мамлакатимизда қуйидаги принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим. Янги Ўзбекистон – бу инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлади; халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак; одамлар эртага ё узоқ келажакда эмас, балки бугуноқ ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди ва шундай экан, «одамлар ташвиши билан яшаш», халқимизнинг қонуний талаб-истаклари ва хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш – давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланиши зарур; “қонуннинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак”, яъни барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши лозим. Демократиянинг талабу таомили ва устунлиги ҳам шунда. Республика Президенти, парламенти ва Ҳукумати шу талабларга содиқ бўлишлари шарт. Бунда қуйидаги масалаларга: инсон ҳуқуқларини таъминлаш; демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш; давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, ҳокимият тармоқларини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш тизимида парламент ролини ошириш; давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини яхшилаш, давлат органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда парламент ва жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади. Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак! Янги таҳрирдаги Конституциянинг «Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб… амалга оширилади» деб белгиланган норма билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Ҳеч шубҳасиз, ушбу нормалар мамлакатимизда нафақат халқ ҳокимиятчилигининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, айни чоғда халқимиз хоҳиш-иродаси ва инсонларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади
Хулоса қилиб айтганда, бугун Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Янги таҳрирдаги Асосий қонуннинг қабул қилиниши билан бу борада янада мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асос яратилди. Бинобарин, Янги Ўзбекистон ўзининг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларига қатъий содиқлигини яна бир бор намоён этди.
Жиноят ишлари бўйича
Шўрчи туман судининг раиси Т.Абдираимов