Madaniyat

Безорилик жинояти

Безорилик жамоат тартибига қарши қаратилган жиноят бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасликда ифодаланган ҳаракатлар шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки ўзганинг мулкига анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд уни анча миқдорда нобуд қилиш билан боғлиқ ҳолда содир этилади. Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик деганда, қонунларга, ахлоқ-одоб нормаларига, жамиятда мавжуд бўлган урф-одат ва анъаналарга ҳурматсизлик тушунилади.
Қонун мазмунига кўра, айбдор ўзининг ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузаётганлигини англаши лозим. Бунда мазкур хатти-ҳаракатлар билан жамоат тартибини бузиш ўртасида сабабий боғланиш бўлиши шарт. Сабабий боғланиш аниқланмаган ҳолда қилмиш шахсга ёки мулкка қарши қаратилган жиноят деб баҳоланиши лозим.

Безорилик жинояти билан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланмиш майда безориликни бир-биридан фарқлаш зарур. Майда безорилик тушунчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 183-моддасида берилган бўлиб, унинг мазмунига кўра, ушбу ҳуқуқбузарлик жамоат жойларида уятли сўзлар айтиш ёки шундай сўзлар билан сўкиниш, беҳаё қилиқлар кўрсатиш ёхуд одамларга нисбатан ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бузиш каби жамиятда юриш-туриш қоидаларини очиқдан-очиқ менсимаслик ҳаракатларида ифодаланади.

Агарда майда безорилик ҳаракатлари давом этиб, айбдорнинг кейинги ҳаракатлари шахсни уриш-дўппослаш, унга енгил тан жароҳати етказиш ёки мулкка анча миқдорда шикаст етказиш ёхуд нобуд қилиш билан содир этилган бўлса, шахс маъмурий жавобгарликка тортилмасдан, фақат жиноий жавобгарликка тортилади.
Уриш-дўппослаш деганда, айбдор томонидан жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан бузиб, шахснинг баданига шикаст етказмаган ҳолда бир неча зарба бериш тушунилади.

Совуқ қурол ёки шахснинг соғлиғига амалда шикаст етказиши мумкин бўлган бошқа нарсаларни қўллаш деганда, айбдорнинг улар воситасида безорилик ҳаракатлари давомида жабрланувчига нисбатан тан жароҳати етказган ёки етказишга ҳаракат қилган ҳоллар тушунилиши лозим.

Шахснинг соғлиғига амалда шикаст етказиши мумкин бўлган бошқа нарсалар туркумига айбдор томонидан ўша мақсадларда безорилик ҳаракатлари давомида фойдаланилган ҳар қандай нарсалар киради.
Безорилик ҳаракатлари ўтакетган беҳаёлик билан содир этилган деб топиш масаласини ҳал этиш чоғида суд ишнинг муайян ҳолатлари мажмуидан келиб чиқиши ҳамда содир этилган жиноятнинг хусусияти, вақти, жойи ва шарт-шароитларини инобатга олиши лозим.

Хўрлаш деганда, шахсга жисмоний жиҳатдан азоб бериш ёки уни қийнаш тушунилади.
Қонун мазмунига кўра, ёш бола деганда 14 ёшга тўлмаган шахс, қария деганда 55 ёшдан ошган аёл ва 60 ёшдан ошган эркак, ногирон деганда эса, белгиланган тартибда I, II, III гуруҳ ногирони ёки болаликдан ногирон сифатида тан олинган шахс тушунилади.

Ожизлик, жабрланувчининг жисмоний ёки руҳий носоғломлиги туфайли жиноятчига қаршилик кўрсата олмаслигида, ўз ҳуқуқлари, манфаатлари ва қадр-қимматини ҳимоя эта олмаслигида, шунингдек кутилаётган хавфдан сақлана олмаслигида намоён бўлади.

Жиноий ҳаракатни ушбу банд билан квалификация қилиш учун айбдор шахс жабрланувчининг ёш болалиги, қариялиги, ногиронлиги ёки ожиз аҳволда эканлигини англаб етган бўлиши талаб этилади.
Агар безорилик ҳаракатларини тўхтатиш чорасини кўраётган шахсга қаршилик кўрсатиш пайтида ишлатилган зўрлик натижасида айбдор томонидан яна бошқа оғир жиноят содир этилган бўлса, бу ҳол безорилик жинояти таркиби билан қамраб олинмайди.Мазкур турдаги жиноятни содир этган шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортиладилар.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг судьяси

Ш.Қодиров

Related Articles

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Back to top button