Hodisalar

Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси оғир жудоликка учради. Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев шу йил 1 ноябрь куни 68 ёшида вафот этди.

А.Нарзуллаев 1956 йили Денов туманида туғилди. Меҳнат фаолиятини тумандаги “Сурхонозиқовқатсаноати” акциядорлик жамиятида бошлади. Кейинчалик Тошкент политехника институтини тамомлаб, “Шарғун” ғишт заводида, Денов туманидаги 37-механизациялашган кўчма колонна ва экспериментал ишлаб чиқариш бирлашмасида турли вазифаларда ишлади. 1991 йилдан “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари сифатида фидокорона меҳнат қилди.

А.Нарзуллаев 50 йилдан зиёд давом этган иш фаолияти мобайнида бой билим ва ҳаётий тажрибасини, куч-ғайратини эл-юрт ишига бағишлади. Ўзини ер илмининг ҳақиқий билимдони, замонавий агротехнологиялар ва хўжалик юритиш усулларини пухта эгаллаган ташкилотчи раҳбар, меҳнатсевар, камтарин ва ватанпарвар инсон сифатида намоён этиб, республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.

У кўп йиллар Сурхондарё вилояти ва Денов тумани халқ депутатлари кенгашларининг аъзоси сифатида ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва юксалтириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, таълим, тиббиёт, маданият масканлари қуриш ва обод қилиш, янги боғ ва хиёбонлар барпо этиш, ёшларни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатди.

Тажрибали фермер ўнлаб иқтидорли шогирдлар тайёрлаб, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам ибрат намунасини кўрсатди.

Аҳмад Нарзуллаевнинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг етук намояндаси, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Аҳмад Нарзуллаевнинг ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

А.Арипов, С.Турдиев, У.Қосимов

Related Articles

Back to top button