Hodisalar

Наманганда икки нафар ёлланма ишчи тупроқ остида қолиб, ҳалок бўлди

Наманган шаҳридаги янги қурилаётган уйларга канализация қувурини тортиш жараёнида икки нафар ёлланма ишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Ҳодиса 24 апрель куни соат 13:50 атрофида шаҳар марказидаги Навоий кўчасида содир бўлган. Вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига шу кўчада олиб борилаётган қазиш ишлари давомида икки нафар ишчи тупроқ остида қолиб кетганлиги ҳақида тезкор хабар етказилган.

Зудлик билан етиб келган қутқарувчилар тупроқ остидан жабрдийдаларни чиқариб олиб, тиббиёт ходимларига топширган. Бироқ уларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ишчилар узунлиги 5 метр, эни 2 метр, чуқурлиги 4 метр бўлган жойда канализация қувурини қидириш ва тортиш ишлари билан банд бўлган. Эҳтиётсизлик оқибатида ён тупроқлар кўчиб, уларни босиб қолган.

Наманган вилоят ФВБ «Дарё» таҳририятига ҳалок бўлган ишчиларнинг исми-шарифи ва манзилини тақдим этди. Улар Наманган туманининг «Навбаҳор» маҳалласида яшаган Шуҳрат Акбаров ва Чортоқ туманининг шу номли хўжалиги ҳудудида истиқомат қилган Ёдгор Каримовдир. Улардан бири 54, иккинчиси 50 ёшда бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Related Articles

Back to top button