Сурхондарёда ноқонуний балиқ овланиши натижасида табиатга 1,4 миллиард сўм зарар етди
Вилоят Экология бошқармаси ҳамда Миллий гвардия ходимлари ҳамкорлигида Шўрчи туманида ўтказилган тезкор назорат тадбири давомида “Тамаддун” маҳалласида яшовчи фуқаролар Қ.Ш., И.Ш., Х.Б. ва Ғ.Ш. томонидан Сурхондарёнинг ушбу маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида ноқонуний балиқ овлангани аниқланди.
Ҳуқуқбузарлар томонидан 182 бош кумуш товонбалиқ (карас), 37 бош орол мой балиғи, 2 бош Самарқанд храмуляси (тупак) балиқлари тақиқланган усул — электр қармоқ билан овланган.
Ҳайвонот дунёсига етказилган зарар ҳисоб-китоб қилинганда 1 миллиард 439 миллион 900 минг сўм зарар етказилгани маълум бўлди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар суммаларини ундириш мақсадида барча тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилди.