Hodisalar

ДХХ: Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ер майдонларининг ноқонуний сотилиши билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди

Гулистон шаҳрида яшовчи, 1964 ва 1976 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Гулистон тумани ҳокимияти захирасида бўлган 38 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога олиб бериш ҳамда ушбу ер майдонида кўп қаватли уй-жой қуриш учун мансабдор танишлари орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, улар олдиндан 50 минг АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.
Терговга қадар текширув давомида, ушбу ноқонуний ишга 2018-2021 йилларда Гулистон тумани ҳокими лавозимида ишлаган шахс ҳам алоқадор эканлиги аниқланди.
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари ва ҳисобчиси ўзаро тил бириктириб, мазкур хўжаликка 49 йил муддатга ижарага берилган 3 гектар ер майдонини харидорга 70 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 35 минг АҚШ доллари олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.
Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказишди.
Жумладан, Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур тумандаги кластерга тегишли 66,32 гектар яйлов ерларидан иккиламчи ижара шартномаси асосида фойдаланиб келаётган бўлсада, ушбу шартномани бекор қилиб, кластер раҳбарлари орқали 57 гектар яйловни харидор номига ижара асосида расмийлаштириб бериш эвазига 500 млн. сўм талаб қилади.
Аммо, у сўралган пул маблағи ҳисобидан 20 минг АҚШ доллари ва 100 млн. сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Шаҳрисабз туманидаги агрофирма раҳбари туман ҳокимлиги заҳирасида бўлган 50 гектар суғориладиган ер майдонини мансабдор танишлари орқали харидорга 1 йил муддатга, тегишли ҳужжатларсиз фойдаланиш учун олиб бериш эвазига 500 млн. сўм талаб қилиб, олдиндан 150 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Шунингдек, терговга қадар текширув давомида, у мазкур пул маблағининг бир қисмини ўзининг жиноий шериги бўлган, пахта-ғалла етиштиришга ихтисослашган фермер хўжалик раҳбарига бериши кераклиги аниқланиб, ушбу шахс ҳам 20 млн. сўм олган вақтида ушланди.
Таъкидлаш лозимки, агрофирма раҳбари ҳам, фермер хўжалиги раҳбари ҳам муқаддам судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.

Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида яшовчи, 1975 й.т. фуқаро ўзининг турмуш ўртоғига туман ҳокимининг 2010 йилдаги қарори асосида деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 49 йил муддатга ижарага берилган 30 сотих ер майдонини гўёки 40 сотих деб айтиб, харидорга 280 млн сўмга сотишга келишади.
Аммо, Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий даллиллар билан ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган.

Related Articles

Back to top button