Adabiyot

МУСТАҚИЛЛИК-БЕБАҲО НЕЪМАТ

Абдулҳамид Чўлпон (1897-1938)

Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (Юнусов) 1938 йил 14 июль куни ҳибсга олиниб, кўп ўтмай, Тошкент шаҳри атрофида отиб ташланган. Вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти (1991) ва «Мустақиллик» ордени (1999) берилган.

Чўлпон халқимиз, юртимизнинг озодлиги йўлида ўз жонини фидо қилди. Унинг порлоқ хотираси унутилмайди!

КЎНГИЛ

Кўнгил, сен мунчалар нега
Кишанлар бирла дўстлашдинг?
На фарёдинг, на додинг бор,
Нечун сен мунча сустлашдинг?

Хақорат дилни оғритмас,
Тубанлик мангу кетмасми?
Кишанлар парчаланмасми?
Қиличлар энди синмасми?

Тириксан, ўлмагансан,
Сен-да одам, сен-да инсонсен,
Кишан кийма,
Бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!

ХАЛҚ

Халқ денгиздир,
Халқ тўлқиндир,
Халқ кучдир,
Халқ исёндир,
Халқ оловдир, халқ ўчдир…
Халқ қўзғалса, куч йўқдирким, тўхтатсин,
Қувват йўқким, халқ истагин йўқ этсин.
Халқ исёни салтанатни йўқ қилди,
Халқ истади, тож ва тахтлар йиқилди…

Халқ истаги: озод бўлсин бу ўлка,
Кетсин унинг бошидаги кўланка,
Бир қўзғалур, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилур, бир ҳовлиқар, бир ўйнар,
Йўқлиқни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар…

Бутун кучни халқ ичидан олайлик,
Қучоқ очиб халқ ичига борайлик!

Related Articles

Back to top button