Президент Шавкат Мирзиёев: нархларни жиловлаш тадбиркорларга маҳсулотини мажбурлаб арзон нархларда соттириш ҳисобидан бўлмаслиги керак
Давлатимиз раҳбари ҳар бир масалага алоҳида тўхталиб, муаммоларнинг ечимини кўрсатиб ўтди.
Пахта ва ғалла майдонларини қисқартириб, бу йили кузда ва келгуси йил баҳорида яна 70 минг гектар экин ерларини аҳолига тарқатиш режа қилинган.
Лекин ҳокимлар бугунги кунгача ажратилган 200 минг гектардан самарали фойдаланишни тўғри ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Жумладан, сув таъминоти ва унумдорлиги яхши бўлмагани учун жами ерларнинг 13 минг гектари ёки 8 фоизи қаровсиз турибди.
Бухоро, Қашқадарё ва Наманганда атиги 15 фоиз ерлар эҳтиёжманд оилаларга берилган.
Шу муносабат билан дастлабки босқичда 10 йил муддатга ажратилган 73 минг гектар майдоннинг ижара муддатлари 30 йилга узайтириб берилиши белгиланди.
Бўш турган 100 минг гектар яйловлар чорваси бор аҳолига камида 10 гектардан 10 йил муддатга ижарага олишига рухсат берилади.
“Ижтимоий ҳимоя реестри”га киритилган эҳтиёжманд аҳолига ерларни беришда улар ер учун барча тўловлардан озод қилинади.
Йиғилишда такрорий экинлар экилиши ҳолатига тўхталиб ўтилди.
Июль ойида йиллик инфляция даражаси 8,9 фоизни, озиқ-овқат маҳсулотларида эса 10,7 фоизни ташкил қилди. Бу борада картошка, пиёз, ун ва ёғ маҳсулотлари ўтган йилга нисбатан арзонлашгани муҳим омил бўлди.
Лекин, такрорий экин экиш ишлари тўғри ташкил этилмагани боис айрим ҳудудларда сабзи нархи 52 фоизгача ошган; помидор 2 баробар қимматлаган; бодринг нархи 1,7 баробаргача ўсган.
Бундан ташқари, республика бўйича бор-йўғи 44 минг гектарга картошка такрорий экин сифатида экилган.
Йиғилишда бундан буён туман ҳокимлари ҳудудида инфляцияни жиловлашга шахсан жавоб бериши таъкидланди.
— Шу ўринда ҳокимларни қатъий огоҳлантираман. Нархларни жиловлаш тадбиркорларга маҳсулотини мажбурлаб арзон нархларда соттириш ҳисобидан бўлмаслиги керак.
Бу ишлар фақат ва фақат такрорий экинларни кўпайтириш ва маҳсулот ҳажмини ошириш орқали таъминланиши шарт, — деди давлат раҳбари.