O`zbekiston

Янгиланган Конституцияни ҳаётга жорий этиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда жамоатчилик фаоллари билан мулоқот қилди. Унда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш бўйича шу йил 30 апрелда бўлиб ўтган референдум якунлари ҳақида сўз борди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида янгиланган Конституциямизда барча қатлам манфаатлари инобатга олинганлиги, уни ишлаб чиқишда аҳоли фаол иштирок этганлиги ҳамда референдум орқали қабул қилинганлиги ушбу ҳужжатнинг чинакам халқ Конституцияси бўлганидан далолат эканлигини таъкидлади.

– Конституциямиз лойиҳасини муҳокама қилишдан бошлаб то уни қабул қилгунча бўлган даврда ўтказилган умумхалқ муҳокамаларида миллионлаб юртдошларимиз фаол иштирок этдилар. Шу нуқтаи назардан қараганда, янгиланган Конституциямизнинг чинакам муаллифи халқимиз бўлди, деб айтишга барча асосларимиз бор. Энг муҳими, энди ислоҳотларимиз йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз, “инсон – жамият – давлат”, деган янги тизим асосида фақат ва фақат олдинга қараб борамиз, – деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Дунёда кундан-кунга янги синовлар, хавф-хатар ва таҳдидлар пайдо бўлаётган вазиятда Конституцияда Ўзбекистон “суверен давлат” сифатидаги мақомини мустаҳкамлади.

– Шундай мураккаб вазиятда, ҳар бир ишимизда, қабул қилаётган барча қонун ва қарорларимизда фақат ва фақат халқимиз, Ватанимиз манфаатлари энг устувор ўринда туриши шарт, – деди давлат раҳбари.

Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон “ижтимоий давлат” деган тамойил муҳрланиб, давлатнинг бу соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар 3 бараварга ошди.

– Бу рақамни айтиш осон, лекин уни амалда таъминлаш учун жуда кўп ишлашимиз зарур. Бунга давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30-40 триллион сўм ажратиш керак бўлади. Бунинг ҳисобидан, ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуришимиз лозим.

Ёшлар сиёсатини, таълим-тарбия, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришни устувор вазифа сифатида юқори босқичга кўтариш бўйича ҳам янги имкониятларни сафарбар этамиз.

Нуронийлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламига ижтимоий хизматлар кўламини янада кенгайтирамиз. Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдорини мунтазам ошириб борамиз, – деди Президент.

Конституцияда Ўзбекистон “ҳуқуқий давлат” деган тамойил ҳам қатъий қилиб белгиланиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасидаги нормалар 3 бараварга кўпайтирилди.

Шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши, айбланувчи ва судланувчиларнинг “сукут сақлаш” ҳуқуқи мустаҳкамланди.

“Инсон қадри учун” тамойили Конституцияда, қонунларимизда ва давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлиги, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.

– Бу – авваламбор барча соҳада қонун устуворлиги таъминланади, дегани. Бундан буён, қонунлардаги ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлади. Энг муҳими, “Қонун – муқаддас, ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қарор топтириш шарт!” деган қараш жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдорлар учун ҳаёт қоидасига айланиши керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистоннинг “демократик давлат” сифатидаги мақомини ҳам мустаҳамлади.

Мамлакатимизда инсон ва бизнеснинг оғирини енгил қиладиган, уларга сифатли хизмат кўрсатадиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини жорий этиш мақсадида кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар бошланиб, ҳукумат ва вазирликлар ихчамлашди, иш услуби ўзгартирилди.

– Менинг энг катта ниятим – одамларни қийнаётган муаммоларни маҳалланинг ўзи ҳал қиладиган халқчил тизим яратиш. Шу боис, молия, солиқ, бандлик каби идораларнинг камида 30 фоиз ваколатларини маҳалла даражасига туширишни режа қилганмиз, – деди Президент.

Янгиланган Конституция парламент фаолиятида ҳам муҳим ўзгаришларни назарда тутади. Хусусан, давлат ҳокимияти тизимида бир-бирини тийиб туриш ва мувозанатни сақлаш мақсадида Олий Мажлис палаталарининг ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, Қонунчилик палатасининг ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатда эса, 14 тадан 18 тага кўпайди.

– Шу билан бирга, депутатларимиз асосий эътиборни қонунлар сифатини оширишга қаратиши, уларнинг ижросини самарали ташкил этишда ҳукумат билан биргаликда қаттиқ ишлаши керак. Сенатнинг фаолияти эса ҳудудлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш, маҳаллий кенгашларга ҳар томонлама кўмаклашиш, жойларда, айниқса, маҳаллаларда қонунларнинг ижросини таъминлашга йўналтирилиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Янги таҳрирдаги Конституция миллатлар, конфессиялар ўртасида тотувлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистоннинг “дунёвий давлат” сифатидаги мақомини ҳам мустаҳамлади. Халқимиз референдумда буни маъқуллади. Шу асосида, бундан буён ҳам, мамлакатимизда миллатлар, конфессиялар ўртасида тотувлик ва хавфсизликни таъминлаш сиёсати жадал давом эттирилиши, жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга мутлақо йўл қўйилмаслиги таъкидланди.

Йиғилишда янгиланган Конституцияни ҳаётга жорий этиш, ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони имзолангани қайд этилди.

– Бош Қонунимизнинг ҳар бир банди ва моддасини жамиятимиз, айниқса, ёшларимиз учун ҳаёт қоидасига айлантириш, бу борада уларнинг тушунча ва тасаввурларини кенгайтириш, ҳар бир маҳалла, таълим муассасаси, ташкилот ва корхоналарда ўргатиш мақсадида ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалар яратиш зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари янгиланган Конституциянинг 128-моддасига мувофиқ, муддатидан илгари Президент сайлови ўтказиш ҳақида бутун халқимизга мурожаат қилди.

Президентимиз томонидан бундай қарорга келиш ва қолган уч ярим йиллик ваколат муддатидан ўз ташаббуси билан воз кечиш зарурати қуйидагича асослаб берилди:

биринчидан, ҳокимиятнинг барча бўғинлари ислоҳ қилиниб, улар ўртасидаги муносабат ва мувозанат жиддий ўзгармоқда;

иккинчидан, янгиланган Конституциямиз Президент, парламент, ҳукумат, вазирлар, ҳокимлар олдига кечиктириб бўлмайдиган янги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазифаларни қўймоқда;

учинчидан, халқимиз биздан барча соҳаларда ғоят муҳим ва долзарб ўзгариш ва ислоҳотларни кутмоқда;

тўртинчидан, дунёда ва минтақамизда кескин ва мураккаб жараёнлар ҳукм сураётган ҳозирги вазиятда тўғри ва самарали ривожланиш йўлини излаб топиш ва уни амалга ошириш энг ўткир ва долзарб масалага айланмоқда.

Бундай улкан вазифаларни муваффақиятли адо этиш учун янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Йиғилиш иштирокчилари бу ташаббус Президентимизнинг ўзбек халқига, демократик принципларга бўлган чексиз ҳурмати ва садоқати намунаси эканини эътироф этди.

Шу билан бирга муҳокамаларда муддатидан илгари Президент сайловини ўтказиш давлат ҳокимиятининг янгиланган Конституция талабларига мувофиқ замонавий ишлаши, халқ ҳокимиятчилиги принципининг тўлақонли амалга оширилишига хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Конституциявий суд раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватладилар.

Муҳокама якунида кўзланган марралар қанчалик юксак ва мураккаб бўлмасин, уларга эришиш учун бизда барча имкониятлар борлиги, буюк аждодларимиз мероси, халқимизнинг бунёдкорлик қудрати, интеллектуал ва маънавий салоҳияти, унинг тадбиркорлик фазилати бу йўлда бизга куч-қудрат манбаи бўлиши таъкидланди.

Related Articles

Back to top button