O`zbekiston

Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2021 йил давомида Солиқ органи мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти обзори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сонли фармонига асосан суд тизими 2021 йил
1 январдан ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилди.

Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этилиб, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатилди.

Бугунги кунда маъмурий судлар томонидан қонунийликни мустаҳкамлаш, шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш юзасидан бир қатор ишлар қонуний кўрилиб, ҳал этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2021 йил  23 декабрдаги “Маъмурий судлар томонидан 2020 йил ва 2021 йилнинг тўққиз ойи давомида давлат солиқ хизмати органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш билан боғлиқ ишларни кўриш амалиёти юзасидан умумлаштириш натижалари ҳақидаги РС-67-21-сонли қарори 5-банди ижросини таъминлаш мақсадида Сурхондарё вилоят маъмурий судлари томонидан 2021 йил давомида Солиқ органи мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти обзори тайёрланди.

Сурхондарё вилоят маъмурий судларининг 2021 йил давомидаги фаолияти таҳлилларига кўра, жами 1 118 та оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар кўрилган, шундан  солиқ органи мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар 67 тани ташкил этади, шундан 20 та ариза қаноатлантирилган, 30 та ариза қаноатлантиришдан рад этилган, 15 таси иш юритишдан тугатилган, 2 таси кўрмасдан қолдирилган.

Суд амалиёти обзори натижаларига кўра, биринчи инстанция суди томонидан айрим ишларни кўришда МСИЮтК ва бошқа қонун нормалари, шунингдек Олий суд Пленумининг қарорларида берилган тушунтиришларга риоя қилмаслик ҳолатларига йўл қўйилаётганлигини кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 14-моддаси 8-қисмига асосан, ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.

Жумалдан, аризачи “С.Г.” Акциядорлик жамияти судга шикоят ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосарининг 2021 йил 20 май кунидаги “С.Г” Акциядорлик жамиятидан 106.857,900 сўмлик қўшилган қиймат солиғини ундириш ва 1.581,500 сўм пеня қўллаш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Термиз туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 27 август кунидаги ҳал қилув қарорига кўра, аризачининг талаби қаноатлантирилган.

Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари М.Турсуновнинг (исми фамилияси ўзгартирилган) 2021 йил 20 май кунидаги “С.Г” Акциядорлик жамиятидан 106.857,900 сўмлик қўшилган қиймат солиғини ундириш ва 1.581,500 сўм пеня қўллаш ҳақидаги қарори ҳақиқий эмас деб топилган.

Суднинг ҳал қилув қарори устидан Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи томонидан апелляция шикояти келтирилган.

Апелляция шикоятида, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризани қаноатлантиришдан рад қилиш ҳақида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати юқоридаги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиб, аризани қаноатлантиришдан рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилган.

Судлов ҳайъати бундай хулосага келишида, қуйидагиларга асосланган.

Аниқланишича,“С.Г.”АЖ ва “Б.В.” МЧЖ ўртасида 2021 йил 16 февралда №178727-сонли  ҳамда 2021 йил 2 мартда №180855-сонли электрон шартнома тузилган.

“С.Г” АЖ ва “Б.В” МЧЖ ўртасида тузилган
2021 йил 16 февралдаги №178727-сонли электрон шартномага кўра,
“Б.В” МЧЖ жами 191.439.168 сўмлик ҳақ эвазига “С.Г” АЖга 500 дона желлезобетон, ключ 10 дона, ключ 10 дона, кулачек 6 дона, фильтр 2 дона, фильтр 2 дона, ремень 10 дона, подшипник 2 дона, подшипник 4 дона, насос 2 дона, подшипник 4 дона, вал шестерня 4 дона, подшипник
6 дона, диск 4 дона, яшик 500 дона, подшипник 6 дона, подшипник 10 дона, подшипник 10 дона, фильтр 6 дона, лес круглий 10 кубометр, бирка 3000 дона, электрошётка 20 дона, манжет 25 дона, сальники 40 дона, сальники 35 дона, спец.одежда 50 дона каби жами 26 турдаги маҳсулотларни етказиб беришни, ўз навбатида “С.Г” АЖ ушбу маҳсулотларни ҳақини тўлаб қабул қилиб олишни ўз зиммасига олган.

Шунингдек, “С.Г” АЖ ва “Б.В” МЧЖ ўртасида тузилган 2021 йил 2 мартда №180855-сонли электрон шартномага кўра,
“Б.В” МЧЖ жами 627.805.315 сўмлик ҳақ эвазига “С.Г” АЖга мотор 1 дона, перфаратор 1050 W 2 дона, подшипник 6 дона, подшипник 50 дона, подшипник 15 дона, подшипник 6 дона, подшипник 2 дона, подшипник 1 дона, подшипник 2 дона, подшипник 8 дона, бур 34 дона, коронка 570 дона, перфаратор 1050 W 2 дона, коврик 3 дона, перфаратор
1050 W 60 дона, перфаратор 1050 W 60 дона, рукава напорние 60 метр, рукава напорние 60 метр, фильтр 1 дона, цемент 5 тонна, жидкое стекло 30 литр, спец.одежда 50 дона, труба 500 метр, батарея 2 комплект, шлакаблок 500 дона, фильтр 10 дона, фильтр 10 дона, кабель 500 метр, стакан 5 дона, поршень 5 дона, диск для болгарки 50 дона, железобетон 500 дона, стропа 1 дона, лес круглий 10 кубометр, стропа 1 дона, лист железний 120 кв.м., кулачек 6 дона, перфаратор 1050 W 100 дона, кабель 50 метр каби жами 39 турдаги маҳсулотларни етказиб беришни, ўз навбатида “С.Г” АЖ ушбу маҳсулотларни ҳақини тўлаб қабул қилиб олишни ўз зиммасига олган.

“Б.В” МЧЖ умумий жами 712.386,500 сўмлик ҳақ эвазига “С.Г” АЖга жами 65 турдаги юқорида қайд этилган рўйхатдаги товар моддий бойликларни етказиб беришни ўз зиммасига олган.

2021 йил 18 февраль куни “С.Г” АЖ комиссия аъзолари: комиссия раиси Р.Р, бош бухгалтер И.Я., таъминот бўлими бошлиғи С.Н. ТИЧБ бошлиғи З.П., энергетик Н.Д.лар томонидан тузилган, “С.Г” АЖ директори Т.П. томонидан тасдиқланган, рақамсиз далолатномага кўра,
2021 йил 16 февралдаги №178727-сонли электрон шартнома асосида товар моддий бойликлар қабул қилинганлиги кўрсатилиб, комиссия раиси
ва аъзолари томонидан имзоланган.

Бироқ, ушбу далолатномада 2021 йил 16 февралдаги №178727-сонли электрон шартномада қайд этилмаган (собачка УТ29, пуржина УТ29, цемент 5 тонна, стакан ПП63, затяжка, лист железний, плашки зиф, затяжка, собачка ПП63, провод ПВС) моддий товар моддий бойликлари қабул қилинганлиги кўрсатилган.

Шунингдек, ушбу далолатномага Ш.С. номидан имзо қўйилган бўлиб, у далолатнома тузишда иштирок этганлар комиссия аъзолари рўйхатида йўқ.

Ушбу далолатномада товар қабул қилинган контейнер, вагон ёки машина рақами, шофёрнинг исми шарифи кўрсатилмаган, етказиб берувчи ташкилот вакиллари иштирок этганлиги қайд этилмаган.

2021 йил 31 март куни  “С.Г” АЖ комиссия аъзолари: комиссия раиси Р.Р., бош бухгалтер И.Я., таъминот бўлими бошлиғи С.Н., ТИЧБ бошлиғи З.П., энергетик Н.Д., техника хафвсизлиги ва меҳнат мухофазаси муҳандиси Ш.Б., бош механик И.Ш.лар томонидан тузилган, “С.Г” АЖ директори Т.П. томонидан тасдиқланган,  рақамсиз далолатномага кўра, 2021 йил 2 мартдаги №180855-сонли электрон шартнома асосида товар моддий бойликлар қабул қилинганлиги кўрсатилиб, комиссия раиси ва аъзолари томонидан имзоланган.

Бироқ, ушбу далолатномага далолатнома тузишда иштирок этган комиссия аъзолари рўйхатида йўқ бўлган, С.Қ. ҳамда Ш.С. номидан имзо қўйилган.

Ушбу далолатномада ҳам товар қабул қилинган контейнер, вагон ёки машина рақами, шофёрнинг исми шарифи кўрсатилмаган, етказиб берувчи ташкилот вакиллари иштирок этганлиги қайд этилмаган.

2021 йил 16 февралда №178727-сонли  ҳамда 2021 йил 2 мартда №180855-сонли электрон шартномалар бўйича ҳисоб варақ фактуралар электрон тарзда тасдиқланган.

Ушбу ҳисоб варақ фактураларда қайд этилган товар моддий бойликлари шартномада қайд этилган товар моддий бойликлар билан бир хил, аммо товар қабул қилинганлиги ҳолати юзасидан тузилган далолатномаларда кўрсатилган товар моддий бойликлар билан фарқ қилади.

“Б.В” МЧЖ томонидан товар моддий бойликларининг “С.Г” АЖга техника воситалари (транспорт) орқали етказиб берилганлиги фактини тасдиқловчи юк хати ёки шу каби ҳужжатлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 03.05.2021 йилдаги 20/1-29658-сонли топшириғига асосан Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг 07.05.2021 йилдаги буйруғи билан “С.Г” Акциядорлик жамиятининг 2021 йил февраль-   ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши бўйича 07.05 2021 йилдан 07.06.2021 йилгача камерал солиқ текшируви ўтказиш ҳамда ахборот киритиш вазифаси Камерал солиқ текширувлари шўъбаси давлат солиқ инспекторлари Б.М. ва Б.Ҳ. ларга юклатиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил
7 январдаги “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида” ги 1-сонли қарори билан тасдиқланган “Солиқ хавфини бошқариш, солиқ хавфи мавжуд солиқ тўловчиларни (солиқ агентларини) аниқлаш ва уларни солиқ хавфи даражаси бўйича тоифалаш тартиби тўғрисида” ги Низомнинг 2-бандида “аниқланган солиқ хавфи” тушунчасига таъриф берилган бўлиб, унга кўра аниқланган солиқ хавфи “Солиқ хавфини аниқлаш, таҳлил қилиш ва баҳолаш” автоматлаштирилган дастури орқали аниқланадиган солиққа оид ҳуқуқбузарлик аломатидир.

Шунингдек, мазкур қарорнинг 2-илова “Солиқ текширувларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 23-бандида “Камерал солиқ текшируви солиқ органи жойлашган жойда амалга оширилади, бундан солиқ тўловчининг ҳудудларини ва биноларини кўздан кечириш билан боғлиқ ҳолатлар мустасно. Ҳудудларни ва биноларни кўздан кечириш солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботида акс эттирилган кўрсаткичлар ёки маълумотлар ҳамда солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бошқа ахборотнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун ўтказилади. Ҳудудларни ва биноларни кўздан кечириш солиқ тўловчида белгиланган иш режимига асосан бир иш куни давомида ўтказилади” деб, 44-бандида “ Агар камерал солиқ текшируви пайтида солиқ тўловчи томонидан Солиқ кодексининг 28-бобига мувофиқ жавобгарлик белгиланган солиққа оид ҳуқуқбузарликнинг содир этилганлиги ҳолати аниқланса, камерал солиқ текширувини ўтказган мансабдор шахс солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги ҳолатларини қайд этувчи далолатномани тузади” деб, 45-бандида “Далолатнома ушбу Низомга
8-иловага мувофиқ шаклда солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган кундан эътиборан ўн кун ичида, бироқ камерал солиқ текшируви муддати тугаши кунидан кечиктирмай тузилади. Мазкур далолатнома ушбу Низомнинг 35-бандида кўрсатилган хулоса тузилишидан олдин тузилиши керак. Далолатнома камерал солиқ текширувини ўтказган мансабдор шахс ва солиқ тўловчи томонидан имзоланади” деб кўрсатилган.

Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг
07.05.2021 йилдаги буйруғига кўра, Камерал солиқ текширувлари шўъбаси давлат солиқ инспекторлари Б.М. ва Б.Ҳ. лар томонидан 07.05.2021 йилдан 08.05.2021 йилга қадар “С.Г” Акциядорлик жамиятининг 2021 йил февраль-апрель ойлари давомидаги фаолиятида қўшилган қиймат солиғини тўғри ҳисобланиши ва бюджетга тўланиши бўйича камерал солиқ текшируви ўтказилган.

Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси Камерал солиқ текширувлари шўъбаси давлат солиқ инспекторлари Б.М.
ва Б.Ҳ. лар томонидан 08.05.2021 йилда тузилган Камерал солиқ текшируви натижасида аниқланган солиққа оид ҳуқуқбузарликларни қайд этиш далолатномаси ва хулосага кўра, “С.Г” Акциядорлик жамияти контрагенти бўлган “Б.В” МЧЖдан 65 турдаги
712.386.500 сўмлик, шундан ҳисобланган қўшимча қиймат солиғи
106.857,900 сўм жами 819.244.400 сўмлик товар моддий бойликлари олинганлиги, ушбу товар моддий бойликларининг контрагенти томонидан кирим ҳужжатлари йўқлиги, корхона 2021 йил февраль ва март ойлари якуни билан тақдим этилган қўшимча қиймат солиғи ҳисоботида ҳисобга олинган 106.857.900 сўм қўшимча қиймат солиғи асоссиз ҳисобга олинганлиги сабабли жамиятга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг
14,15 ва 266-моддаларига асосан 106.857.900 сўм қўшимча қиймат солиғи ҳисобланган.

Камерал солиқ текшируви натижасида Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосарининг 20.05.2021 йилдаги қарори билан “С.Г” Акциядорлик жамиятида ўтказилган текшириш натижаси бўйича жами 106.857.900 сўм қўшимча қиймат солиғи ва 1.581.500 сўм пеня ҳисобланган.

Иш ҳужжатларида “Б.В” МЧЖга 2020 йилдан 2021 йил апрелга қадар кирим қилинган товарлар рўйхати мавжуд бўлиб, ушбу рўйхат билан масъулияти чекланган жамияти томонидан “С.Г” Акциядорлик жамиятига шартнома бўйича юборилган ҳамда ўз навбатида “С.Г” Акциядорлик жамияти томонидан қабул қилиниб олинган деб кўрсатилган товарлар рўйхатида номутаносиблик юзага келган.

“Б.В” МЧЖ томонидан “С.Г” Акциядорлик жамиятига электрон шартнома асосида етказиб берилганлиги кўрсатилган
65 турдаги товар моддий бойликлари — “Б.В” МЧЖдаги 2020 йилдан 2021 йил апрелга қадар кирим қилинган товарлар рўйхати билан қиёсланганда, ушбу 65 турдаги товар бойликлари “Б.В.” МЧЖда мавжуд бўлмаган.

Шундай ҳолда “Б.В” МЧЖ ўзида мавжуд бўлмаган ҳамда кирим қилинмаган 65 турдаги товар бойликларини“С.Г” Акциядорлик жамиятига етказиб берганлиги ҳужжатларда расмийлаштирилган.

Жумладан, “Б.В” МЧЖга 2020 йилдан 2021 йил апрелга қадар “шелуха хлопковая”, “портландцемент ПЦ 400-КД 30”, “шрот хлопковый” в.ҳ. товарлар кирим қилинган бўлса-да, “С.Г” Акциядорлик жамиятига шартнома бўйича чиқим қилинган ҳисоб варақ фактурасидаги товарлар рўйхатида “подшипник 316”, “пневмомоторППН-1С”, “ключ для буровых внутренней труб ССК-76”, “сальник 80х110” каби товарлар чиқим қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 266-моддаси 14-қисмига кўра, агар ҳисобга олиш ҳуқуқи товарни (хизматларни) олиш бўйича қалбаки ёки кўзбўямачилик учун тузилган битим натижасида вужудга келганлигига оид далиллар мавжуд бўлса, солиқ органлари ҳисобга олишни бекор қилишни ёки унга тузатишни амалга оширишга ҳақли.

Мазкур кодекснинг 14-моддаси 8-қисмига асосан, ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилиши кўрсатилган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, “С.Г” Акциядорлик жамияти камерал солиқ текширувида иштирок этмаган.

Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан
08.05.2021 йилда 20/1-16560-сонли солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида “С.Г” Акциядорлик жамиятига белгиланган тартибда талабнома юборилган.

“С.Г” Акциядорлик жамияти томонидан ушбу талабномага жавоб берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекснинг 15-моддасида солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилган.

Шундай ҳолда “С.Г” Акциядорлик жамияти контрагенти бўлган “Б.В” МЧЖда 65 турдаги товар моддий бойликларининг кирим ҳужжатлари йўқлиги, ушбу корхонанинг 2021 йил февраль ва март ойлари якуни билан тақдим этган қўшимча қиймат солиғи ҳисоботида 106.857.900 сўм қўшимча қиймат солиғи асоссиз ҳисобга олинган деб ҳисоблашга асос бўлган.

Биринчи инстанция суди аризачи“С.Г” Акциядорлик жамиятининг аризасини қаноатлантириш, яъни Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари А.Анваровнинг 2021 йил
20 май кунидаги “С.Г” Акциядорлик жамиятидан
106.857,900 сўмлик қўшилган қиймат солиғини ундириш ва 1.581,500 сўм пеня қўллаш ҳақидаги қарорини ҳақиқийэмас деб топиш ҳақида қарор қабул қилишда, “Б.В” МЧЖда мавжуд бўлмаган товарларнинг “С.Г” Акциядорлик жамиятига шартнома бўйича юборилган деб кўрсатилганлиги ҳолатларига ҳамда юқорида қайд этилган бошқа ҳолатларга  ҳуқуқий баҳо бермасдан ҳал қилув қарори қабул қилган.

Шу сабабли судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг хулосалари билан келишмади.

Биринчи инстанция суди “С.Г” Акциядорлик жамиятива  “Б.В” МЧЖ ўртасида жами 65 турдаги 712.386.500 сўмлик 2021 йил 16 февралдаги №178727-сонли ҳамда 2021 йил 2 мартдаги №180855-сонли электрон шартнома тузилганлиги, шартномада кўрсатилган барча эҳтиёт қисмлар ва жиҳозлар электрон ҳисобварақ-фактура орқали қабул қилиб олинганлигини асос қилиб, аризани қаноатлантириш ҳақида хулосага келган.

Судлов ҳайъати аризачи “С.Г” Акциядорлик жамиятининг контрагенти бўлган “Б.В” МЧЖга мавжуд бўлган товарлар рўйхатидаги товарларнинг бири ҳам “С.Г” Акциядорлик жамиятига шартнома бўйича юборилган деб кўрсатилган товарлар рўйхатида мавжуд эмаслиги, “С.Г” Акциядорлик жамиятига чиқим қилинган товарлар “Б.В” МЧЖда кирим қилинмаганлиги ва мавжуд эмаслиги сабабли аризачининг аризадаги важлари асоссиз деб ҳисоблайди.

Шунингдек аризачи шартномада кўрсатилган товарларни “С.Г” Акциядорлик жамиятига келиб тушганлигини, уларнинг жамият омборига мавжудлиги ёки фойдаланганлигини исботловчи  транспорт юк хати ёки бошқа ҳужжатларни судга тақдим этолмади, шунингдек, Сурхондарё вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан солиқ ҳисоботига тузатишлар киритиш ҳақида “С.Г” Акциядорлик жамиятига талабнома юборилган, бироқ “С.Г” Акциядорлик жамияти томонидан ушбу талабномага жавоб берилмаган, яъни эътироз билдирмаган.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси:                   С.Халматов     

Related Articles

Back to top button