РАСМИЙ БАЁНОТ
Ижтимоий тармоқларда «Олтинсойнинг олтин ўйинлари: Ноҳақ қамалган амалдорлар» мазмунида тарқалган видеосуҳбат юзасидан.
Сурхондарё вилояти, Олтинсой тумани прокуратураси томонидан туман электр таъминоти (собиқ) раҳбари С.М ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов давомида суднинг ажрими билан С.М.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Шахснинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланган.
Жиноят иши қўзғатилишининг қонунийлиги ҳамда жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган шахсларга нисбатан танланган эҳтиёт чорасининг асослилиги ўрганилганда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланмади.
Жиноят иши тергови устидан вилоят прокуратураси томонидан назорат ўрнатилган.
Маълумот тариқасида, С.М муқаддам Жиноят ишлари бўйича Олтинсой тумани судининг 19.02.2010 йилдаги ажрими билан ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми “а” банди, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш)1-қисмида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмишни содир қилганлиги ҳолати бўйича Амнистия акти қўлланиб, жиноят иши тугатилган.
Вилоят прокуратураси тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш, яъни ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона ўрганилишига тўсқинлик қилиш мақсадида суриштирувчи, терговчи ёки прокурорга ёхуд адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқарилишига эришиш мақсадида судьяга турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини яна бир бор эслатади.